
Гвинея-Бисауда президент ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилди
Мамлакатда ҳарбийлар давлат тўнтариши ўтказганини эълон қилди. Яқиндагина қайта сайланган президент Эмбало қўлга олинган, у Бош штаб ҳудудида ушлаб турилганини маълум қилинмоқда.

Гвинея-Бисауда ҳарбийлар мамлакатда ҳокимиятни тўлиқ ўз назоратига олганини расман маълум қилди. Africaguinee хабарига кўра, президент Умару Сисоку Эмбало давлат тўнтариши амалга ошганини тасдиқлади ва ҳозирда Бош штаб ҳудудида қўлга олинган ҳолда сақланаётганини билдирди. Ҳарбийлар мамлакат олий раҳбариятини «наркобаронлар билан тил бириктиришда» айблаб, фавқулодда тартибларни жорий қилганини эълон қилди.
Эмбало Россияга турли йилларда тўрт маротаба ташриф буюргани билан танилган. У 2022 йил октябрда ECOWAS раиси сифатида Москвага келиб, Владимир Путин билан музокара ўтказган. 2023 йил июлида Санкт-Петербургдаги «Россия — Африка» саммитида икки мамлакат ҳамкорлиги бўйича ялпи муҳокамалар ўтказилган. 2024 йил май ойида у қайтадан Россияга ташриф буюриб, Ғалаба кунига бағишланган тадбирларда иштирок этган. Эмбало Чеченистонга ҳам бориб, Гвинея-Бисау ҳарбийларини Россия махсус қўшинлари университетида тайёрлаш бўйича келишувга эришган. Унинг охирги ташрифи 2025 йил феврал ойида бўлган.
Ҳарбийлар президент билан бир қаторда бош штаб бошлиғи генерал Бяге На Нтан, унинг ўринбосари генерал Мамаду Туре ва ички ишлар вазири Боче Канде ҳам қўлга олинганини маълум қилди. Улар «конституцион тартибни тиклаш» мақсадида олти босқичли фавқулодда чораларни жорий этди. Улар қаторида президентни лавозимдан четлатиш, мамлакатдаги барча сайловларни тўхтатиш, давлат муассасаларини вақтинча ёпиш каби қарорлар бор.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолияти тўхтатилди, қуруқлик, денгиз ва ҳаво чегаралари ёпилди, 21:00 дан 06:00 гача комендантлик соати жорий этилди. Ҳарбийлар мамлакат аҳолисини тинчликка, ҳамжиҳатликка ва вазиятни тушунишга чақирди.
23 ноябр куни Гвинея-Бисауда президентлик сайловлари бўлиб ўтган эди. Эмбало ўзини ғолиб деб эълон қилиб, 65 фоиз овоз олганини айтган. Бироқ мухолифат номзоди Фернанду Диаш де Кошта ҳам ўзини ғолиб деб эълон қилган. Рақобатли сайловларнинг расмий натижалари 27 ноябрда эълон қилиниши керак эди.





