add

H3N2 гриппи жаҳон бўйлаб тарқалмоқда: мутахассислар хавотирда

Бугун 09:002852

Янги турдаги грипп турли мамлакатларда тарқалаётган ҳукмрон вирусга айланди. Олимлар юқиш даражаси юқори бўлган бу штаммга қарши вакцина олишни тавсия этмоқда.

H3N2 гриппи жаҳон бўйлаб тарқалмоқда: мутахассислар хавотирда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари июн ойида пайдо бўлган H3N2 вируси жаҳон бўйлаб шиддат билан тарқалаётганини маълум қилди. Ташкилотнинг нафас йўллари таҳдидлари бўлими раҳбари доктор Венчинг Жангнинг таъкидлашича, айрим мамлакатларда ушбу грипп штамми аллақачон ҳукмрон вирусга айланган.

Грипп ҳолатларида кескин ўсиш қайд этилган давлатлар орасида Буюк Британия алоҳида эътиборга лойиқ. Миллий соғлиқни сақлаш хизмати раҳбари Жеймс Маки маълум қилишича, мамлакатда грипп билан касалланиш ҳолатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баробар кўпайган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат оғир қиш мавсумига кириб бораётгани аллақчон аниқ.

Японияда вазият янада жиддий тус олган. Токиода грипп ҳолатлари ўтган йилга нисбатан олти бараварга ошган. Вируснинг оммавий тарқалиши туфайли мамлакат бўйлаб 2300 дан зиёд мактаб ва боғчалар қисман ёки тўлиқ ёпилди. Канадада ҳам юқиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани қайд этилмоқда.

Олимлар H3N2 вируси инфлюэнза А гуруҳига мансублигини таъкидламоқда. АҚШда ҳам грипп А штаммига оид тестлар ижобий натижа бермоқда. Бироқ мамлакатдаги Хасталикларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) шатдаун сабабли 26 сентябрдан бери миллий статистик маълумотларни эълон қилмаяпти. CDCдаги қисқартишлар туфайли маълумот тўплаш ва таҳлил жараёнида узилишлар кузатилиши мумкин.

Вандербилт университети профессори Уильям Шафнер ҳозирги шароитда аниқ ва кенг қамровли мониторинг ўтказиш мушкуллигини қайд этди. Ушбу вирусга қарши мавжуд вакцина вирус билан тўлиқ мос келмаса ҳам, кўп йиллик тажрибага кўра, касалхоналарга ётқизиш ва оғир ҳолатлар эҳтимолини анча пасайтириши исботланганини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид

H3N2 гриппи жаҳон бўйлаб тарқалмоқда: мутахассислар хавотирда | Vaqt.uz