
Ҳар бир ҳарбий хизматчи унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши керак — Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан муносабати билан ҳарбийларга байрам табриги йўллади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчиларга байрам табриги йўллади. Президент ўз мурожаатида аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, шунингдек, Қуролли Кучлар фахрийларини ушбу қутлуғ сана билан самимий муборакбод этди.
Табрикда Ватан ҳимояси каби ғоят шарафли ва масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этиб келаётган ҳарбийларга юксак ҳурмат ва эҳтиром изҳор этилди. Давлат раҳбари мамлакат мустақиллиги, тинчлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларни она юртнинг ишончли посбонлари сифатида алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган ҳарбийлар хотираси чуқур эҳтиром билан йодга олинди. Президент бундай фидоийлик ва жасорат Ватан тарихида абадий қолишини таъкидлади.
Мурожаатда қайд этилишича, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида Қуролли Кучлар муҳим ўрин тутади. Мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мудофаа соҳасини ҳам қамраб олиб, миллий армиянинг жанговар салоҳиятини оширишга қаратилган.
Хусусан, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида ҳарбий қудратни мустаҳкамлаш, бошқарув ва таъминот тизимларини такомиллаштириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ишлари изчил давом эттирилаётгани таъкидланди. Қўшинлар жанговар сафлари малакали офицер ва сержантлар билан тўлдирилмоқда.
«Ҳар бир ҳарбий хизматчи халқ билан армия – бир тан-у бир жон эканини, унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши, шундан чексиз куч, руҳ ва мадад олиши керак. Ғайрат-шижоатда тенгсиз бўлган ҳарбийларимиз ёвлар олдида ҳеч қачон бош эгмаган қўрқмас ва ўтюрак аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиб, улардан ибрат ва сабоқ олиб, Ватан олдидаги муқаддас бурчини бундан буён ҳам шараф билан адо этадилар, деб ишонаман», — дейилади табрикда.
Президент ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи, касбий ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш устувор вазифа эканини қайд этиб, ҳарбийлар Ватан олдидаги муқаддас бурчини бундан буён ҳам шараф билан адо этишларига ишонч билдирди.





