«Ҳеч нарса абадий эмас»: Гвардиола «Манчестер Сити» бош мураббийлигидан кетаётганини айтди

Бугун 20:152 дақиқа

Абдуқодир Ҳусановнинг устози — Пеп Гвардиола 2016 йилдан буён жамоага бошчилик қилмоқда. Ушбу давр мобайнида «Манчестер Сити» жами 20 та йирик совринни қўлга киритган.

«Ҳеч нарса абадий эмас»: Гвардиола «Манчестер Сити» бош мураббийлигидан кетаётганини айтди © Ijtimoiy tarmoqlar

«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола жорий мавсум якунида жамоадан кетишини эълон қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Испаниялик мутахассис 2016 йилдан буён жамоага бошчилик қилиб, клуб тарихидаги энг муваффақиятли даврни бошқариб келди. 10 йил давомида у қўл остидаги жамоа билан жами 20 та йирик совринни қўлга киритди.

«Менинг кетишим сабаблари ҳақида сўраманг. Сабаблар йўқ, аммо қалбимнинг тубида вақтим келганини биламан. Ҳеч нарса абадий эмас. Абадий бўлиб қоладиган нарсалар — бу туйғулар, одамлар, хотиралар ва «Манчестер Сити»га бўлган муҳаббатимдир», - деди Пеп Гвардиола ўз қарорини изоҳлар экан.


Клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган бўлишига қарамай, Пеп Гвардиола мураббийликдан кетгач, «City Football Group» таркибида глобал элчи лавозимини эгаллайди ва компания клубларига техник маслаҳатлар беришда давом этади.

Мураббийнинг «Манчестер Сити»даги асосий ютуқлари:

Англия чемпиони: 6 марта;
Англия Кубоги ва Суперкубоги: 3 мартадан;
Англия Лига Кубоги: 5 марта;
Халқаро титуллар: Чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби.

Шунингдек, мураббий АПЛ тарихида 70 фоиздан ортиқ ғалаба қозонган илк мутахассис ҳисобланади. Гвардиола илгари «Барселона» ва «Бавария» клублари билан ҳам кўплаб ички ва халқаро совринларга эга чиққан.

«Манчестер Сити» жорий мавсумни 24 май куни «Астон Вилла»га қарши ўйин билан якунлайди. Гарчи жамоа бу йил АПЛ чемпионлигини «Арсенал»га бой берган бўлса-да, Пеп Гвардиола қўл остида Англия Кубоги ва Лига Кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Теглар

Мавзуга оид