Logo

Ҳиндистонда Ан-32 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради

Ҳиндистоннинг шимоли-шарқий ҳудудида Ан-32 ҳарбий-транспорт самолётининг қўниш вақтида ҳалокатга учраши оқибатида экипажнинг беш аъзоси ҳалок бўлди.

Ҳиндистонда Ан-32 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради

Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, Ан-32 ҳарбий самолёти 13 июн куни режали парвозни амалга ошираётган вақтда аварияга учраган. Ҳодиса маҳаллий вақт билан тахминан соат 10:00 атрофида, самолёт қўнишга тайёрланаётган пайтда содир бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳалокат оқибатида экипажнинг беш нафар аъзоси вафот этган. Самолётда бўлган иккинчи учувчи эса тирик қолган. Унинг аҳволи ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.

Маҳаллий NTV телеканали тарқатган видеоларда самолёт ерга қаттиқ зарба билан урилгани ва бир нечта бўлакларга парчаланиб кетганини кўриш мумкин. Ҳодиса жойида қутқарув ва тезкор хизматлар иш олиб бормоқда.

Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари баёнотида фалокат сабабларини аниқлаш учун махсус тергов комиссияси тузилаётгани айтилди. Айни вақтда воқеа жойида далилларни йиғиш ва дастлабки текширув ишлари давом этмоқда.

Ан-32 қандай самолёт?

Ан-32 икки двигателли турбовинтли ҳарбий-транспорт самолёти бўлиб, у 1970-йиллар ўрталарида Киевдаги «Антонов» тажриба-конструкторлик бюроси томонидан айнан Ҳиндистон эҳтиёжлари учун ишлаб чиқилган.

Самолёт оғир иқлим ва тоғли ҳудудларда самарали фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, 7,5 тоннагача юк ёки 50 нафаргача шахсни ташиш имкониятига эга.

«Антонов» маълумотларига кўра, Ан-32 самолётлари 1996 йилгача ишлаб чиқарилган ва шу давр мобайнида 358 та ҳаво кемаси тайёрланган. Уларнинг 118 таси 1980-йиллар охирига қадар Ҳиндистонга етказиб берилган.

Теглар

Мавзуга оид