add

Ҳиндистонда ҳам ҳавони ифлослантираётган тандирлар тақиқланди

16.12.2025 | 22:383382 дақиқа

Деҳлида ҳаво ифлосланиши хавфли даражага чиққани сабаб, ҳукумат кўмир ва ўтинда ишлайдиган тандирларни тақиқлади, ошхоналарни тоза ёқилғига ўтказмоқда.

Ҳиндистонда ҳам ҳавони ифлослантираётган тандирлар тақиқланди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ҳаво сифати инқирози кескинлашар экан, шаҳар ҳукумати ресторан ва умумий овқатланиш нуқталаридан кўмир ёки ўтин ёқадиган тандирлардан фойдаланишни тўлиқ тўхтатишни талаб қилди, деб хабар бермоқда India Today.

Деҳли ифлосланишни назорат қилиш қўмитаси (DPCC) барча меҳмонхона, ресторан ва очиқ овқатланиш шохобчаларига тандирларни фақат электр, газ ёки бошқа тоза ёқилғи асосида ишлатиш бўйича кўрсатма берди.

Хабарда айтилишича, сешанба куни эрталаб шаҳарнинг айрим ҳудудларида ҳаво сифати индекси (AQI) тахминан 400 атрофида қайд этилган. Бу кўрсаткич «хавфли» тоифага киради ва аҳоли саломатлиги учун жиддий хатарлардан далолат беради. Тандирлар бўйича тақиқ эса ўтган ҳафта жорий этилган.

PTI агентлигига кўра, қарор «Ҳавони ифлосланишдан муҳофаза қилиш ва назорат қилиш тўғрисида»ги қонун (1981)нинг 31(A)-моддаси асосида чиқарилган. Унга мувофиқ, барча умумий овқатланиш корхоналари зудлик билан кўмир ва ўтиндан воз кечиб, тоза ёқилғига асосланган ускуналарга ўтиши шарт.

Деҳли — NCR минтақасида ҳаво сифати янада ёмонлашгани ортидан ўтган ҳафта шанба куни GRAP режасининг IV босқичи («жуда оғир+») кучга киритилган. Ушбу босқич доирасида биомасса, чиқинди ёки шу каби материалларни очиқ ҳолда ёқиш қатъий тақиқланади.

Шунингдек, шаҳар маҳаллий идоралари — муниципал тузилмалар раҳбарлари ва муҳандислари ўз ҳудудларидаги овқатланиш нуқталарини текшириб, кўмир ва ўтиндан фойдаланиш дарҳол тўхтатилишини таъминлаши топширилган. Қарор барча масъул идораларга почта ва электрон манзиллар орқали юборилган.

Аввалроқ Андижон вилоятида ҳаво ифлосланишига қарши рейдлар доирасида айрим сомсахоналардаги тандирлар эксковаторлар билан бузиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид