
Ҳиндистонда йўталга қарши сироп оқибатида 24 бола вафот этди
Сиропни ичган болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги ва энцефалитга ўхшаш оғир аломатлар пайдо бўлган.

Ҳиндистонда камида 24 нафар бола мамлакат Sresan Pharmaceuticals компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Coldrif йўтал сиропини истеъмол қилиш оқибатида ҳалок бўлди. Ҳокимият органлари сироп ишлаб чиқарувчига таркибий қисмлардан бирини етказиб беришда хавфсизлик қоидалари бузилгани эҳтимолини ўрганмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги манбаларига таяниб, хабар берди.
Маълумотларга кўра, фармацевтика компанияси маҳаллий кимёвий маҳсулотлар дистрибютори Sunrise Biotech’дан сиропда фаол моддаларни эритиш учун асос сифатида қўлланиладиган 50 кг пропиленгликол эритувчисини харид қилган. Sunrise Biotech эса ўз навбатида шу куннинг ўзида уни Jinkushal Арома’дан сотиб олган.
Reuters хабар қилишича, иккала компаниянинг ҳам фарматцевтик таркибий қисмларни қайта ишлаш учун лицензиялари бўлмаган. Мулк эгалари сотган пропиленгликол дори-дармон ишлаб чиқариш учун ишлатилишини билмаганликларини таъкидлашди. Sunrise компанияси Reuters’га етказиб беришдан олдин эритувчини керакли даражада герметик қилмай қадоқлаганини тасдиқлади.
Бундан олдин ЖССТ Ҳиндистон ҳукуматидан Мадхя-Прадеш ва Ражастхан штатларида болаларнинг йўталга қарши сиропларни истеъмол қилиш оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабарлар юзасидан тушунтириш сўраган эди. Ушбу хабарларда тасвир этилган аломатлар ўткир буйрак етишмовчилиги ва ўткир энцефалит синдромига мос келиб, уларнинг оғиз орқали қабул қилинадиган сироплар билан боғлиқлиги тахмин қилинган.
Назорат органи Тамилнад штатидаги Sresan Pharmaceuticals, Rednex Pharmaceuticals компаниясининг Respifresh TR ва Гужарат штатидаги ReLife Shape Pharma Private Limited томонидан ишлаб чиқарилган Coldrif сиропида токсинлар миқдори меъёрдан ошиб кетганини аниқлади. Препаратлар бозордан қайтариб олинди, ишлаб чиқарувчиларга эса барча дори воситаларини ишлаб чиқаришни тўхтатиш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу маҳсулотларнинг бирортаси Ҳиндистондан бошқа давлатларга экспорт қилинмаган.
Яқинда маълум бўлишича, Ҳиндистоннинг Мадхя-Прадеш штати полицияси Coldrif йўталга қарши сиропни ишлаб чиқарувчи Sresan Pharmaceuticals фармацевтика компанияси эгасини ҳибсга олган. Текширув оқибатида сироп намуналарида рухсат этилган 0,1 фоиз ўрнига 46-48 фоиз диэтиленгликол мавжудлиги аниқланди. Бу заҳарли модда смола, бўёқ, лок, сиёҳ ва елим ишлаб чиқаришда ишлатилади.





