Ҳиротда Ўзбекистон савдо уйи очилади

110 нафар андижонлик тадбиркор Афғонистонда бўлиб турибди. Вилоятдан Афғонистонга жўжа, парранда гўшти ва тухум экспорт қилиш, Афғонистондан эса гўшт маҳсулотларини импорт қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Ҳиротда Ўзбекистон савдо уйи очилади © Андижон вилояти ҳокимлиги

Жорий йилнинг 11-апрел куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигида 110 нафар тадбиркордан иборат делегация Афғонистонга етиб борди. Бу ҳақда иккита идоранинг матбуот хизматлари хабар бермоқда.

Делегацияни Афғонистон савдо ва инвестициялар палатаси раиси Мухаммад Саидкарим Хошимий, Савдо ва саноат вазири ўринбосари Мавлавий Шахобиддин Сакиб ҳамда Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов кутиб олган. Ташриф доирасида делегация Кобул ва Ҳирот шаҳарларида бўлиши режалаштирилган бўлиб, Ҳирот шаҳрида янги савдо уйини очиш ҳам кўзда тутилган.

Билдирилишича, ушбу ташриф Афғонистон бозорини ўрганиш, маҳаллий талабга мос маҳсулотлар ишлаб чиқиш, экспортни кенгайтириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.

Афғонистон тадбиркорлари билан мулоқот

Андижон вилояти делегациясининг Афғонистонга амалий ташрифи доирасида маҳаллий тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Ушбу учрашув ташрифнинг энг муҳим тадбирларидан бири бўлди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммо ва таклифлар атрофлича эшитилди. Хусусан, виза тартибини енгиллаштириш, ўзаро ҳисоб-китоб механизмларини такомиллаштириш, дори-дармон айирбошлаш жараёнларини соддалаштириш, пахта учун уруғ таъминоти ҳамда цемент маҳсулотларини ташиш имкониятларини кенгайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари томонидан билдирилган барча таклиф ва муаммолар қайд этилиб, уларни амалий ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўришга келишиб олинди. Томонлар бу каби очиқ мулоқотлар ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Кобулда Андижон маҳсулотлари кўргазмаси

Бугун, 12-апрел куни Кобул шаҳрида Андижон вилоятида ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур кўргазмада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек, уй-рўзғор буюмлари ва маиший техника воситалари кенг намойиш этилмоқда. Унда жами бир юз эллик турдан ортиқ Андижонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тақдим этилган.

Абдураҳмонов ўтказган музокаралар

Бугун, 12-апрел куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Мавлавий Атоуллоҳ Омари билан музокаралар олиб борди. Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати ҳамда қурилиш материаллари каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Музокараларда, айниқса, Андижон вилоятидан жўжа ва паранда гўшти, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларини Афғонистон бозорига кенг жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Афғонистондан гўшт маҳсулотларини импорт қилиш ҳамда самарали логистика занжирларини шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш ва иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини таъкидлади.

Абдураҳмонов Кобул вилояти ҳокими Аминиллоҳ Убайд билан ҳам учрашув ўтказди. Музокаралар давомида режа асосида икки томонлама истиқболли йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, учрашувда Андижон вилоятида ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотларни Афғонистон бозорига кенг жорий этиш, экспорт ҳажмини ошириш ва самарали логистика занжирларини шакллантириш масалалари яна бир бор муҳокама марказида бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 4-апрел куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қобул шаҳрида Афғонистон расмийлари билан қатор музокаралар ўтказганди. Икки кундан кейин эса Кобул шаҳрида «Афғонистон — Марказий Осиё маслаҳатлашув мулоқоти» ўтказилди. Ушбу учрашув 2021-йилдан бери биринчи марта Афғонистон ҳудудида ташкил этилган. Бунгача Марказий Осиё давлатлари «Толибон» вакиллари билан Остона, Тошкент ва бошқа шаҳарларда учрашган.

Теглар

Мавзуга оид