
Ҳокимлар ҳар беш йилда ротация бўладиган модел жорий этилади
Президент фармони билан 2026 йилдан 33 туманда пилот тарзда натижага асосланган бошқарув тизими ва раҳбарлар ротацияси амалиёти жорий қилинади.

Президентнинг «Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–243-сонли фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди. Янги тузилма давлат бошқарувида натижавий ёндашувни шакллантириш ва уни тизимли татбиқ этиш билан шуғулланади.
Фармон асосида 2026 йил 1 январдан «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақоми берилган 33 та ҳудудда натижага асосланган бошқарув тизими тажриба-синов тарзида жорий этилади. Давлат органлари фаолияти учун мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар агентлик томонидан шакллантирилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Бу тизим орқали идораларнинг самарадорлиги «samaradorlik.gov.uz» электрон платформасида очиқ баҳоланади.
Агентлик натижавий бошқарув моделини ишлаб чиқиш, унинг жорий этилишини мувофиқлаштириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва давлат хизмати лавозимларига қабул жараёнига замонавий усулларни жорий этиш билан шуғулланади. Танловларда заруратга кўра қўшимча босқичлар белгиланиши мумкин.
Фармонда давлат органлари вазифалари биринчи марта 5 даражага ажратилди. Хусусан, конституциявий ва миллий даража, республика ижро ҳокимияти даражаси, ҳудудий даража, туман (шаҳар) даражаси ва маҳалла даражалари шулар жумласидандир. Бу давлат бошқаруви тизимини аниқ тартибга солиш ва масъулиятни манзилли тақсимлашни назарда тутади.
2026 йилдан пилот ҳудудларда раҳбар кадрлар учун ротация тизими ҳам жорий этилади. Унга кўра, туман (шаҳар) ҳокими, унинг ўринбосарлари ва республика ижро ҳокимияти идоралари бўлинма раҳбарлари ҳар 5 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри доирасида бошқа туманга ротация қилинади.
Ротация жараёни агентликнинг «hrm.gov.uz» электрон платформаси орқали амалга оширилади. Янги ҳудудга ўтган раҳбарлар иқтисодий ва ижтимоий ҳолат бўйича интенсив ўқув курсларидан ўтади. Улар фаолияти агентлик томонидан онлайн режимда мониторинг қилиб борилади.
Ислоҳотлар давлат хизматида самарадорлик, ҳисобдорлик ва кадрлар малакасини оширишни мақсад қилган бўлиб, юрт миқёсида бошқарув сифатини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.





