Ҳонгконг Марказий Осиё ресурслари учун курашмоқда — «Reuters»
Сингапурнинг Марказий Осиёдаги фаоллиги ортиб бораётган бир вақтда, Ҳонгконг ҳам минтақа бозорига йирик даъво билан кириб келмоқда.

Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Жон Ли ҳукумат тарихидаги энг йирик — 70 кишилик делегация бошчилигида 3 май куни Ўзбекистонга етиб келди. Ташрифдан мақсад мазкур мухтор шаҳарни Марказий Осиё учун Хитой ҳамда Жануби-Шарқий Осиёга очиладиган асосий молиявий ва ишбилармонлик дарвозаси сифатида тақдим этишдан иборат. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги маълум қилди.
Таркибидан 40 нафар йирик бизнес етакчиси ўрин олган делегациянинг ушбу турнеси дунёда геосиёсий кескинлик кучайиб, стратегик табиий ресурсларга талаб ортиб бораётган бир даврга тўғри келмоқда.
Жон Лининг таъкидлашича, 1 май куни Қозоғистондан бошланган ва 5 майга қадар Ўзбекистонда давом этадиган сафар савдо, инвестиция, молия, ахборот технологиялари, маданият ҳамда туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиради.
Ҳонгконг бу жараёнда ўзига хос «супер-коннектор» вазифасини бажариб, Марказий Осиё компанияларига Осиё бозорларини ўзлаштиришда, Ҳонгконг ва Хитой фирмаларига эса глобал майдонга чиқишда ёрдам беради.
Ушбу ҳаракатлар Пекиннинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. Маълумот учун, сўнгги йилларда Сингапур ҳам ўзини Жануби-Шарқий Осиёга очиладиган асосий дарвоза сифатида кўрсатиб, минтақа билан алоқаларни фаоллаштирмоқда.
Иқтисодий лойиҳалар ва савдо айланмаси
Расмий статистикага кўра, Ҳонгконг ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 2025 йилда 320 миллион доллардан ошди. Бу 2020 йилги кўрсаткичларга нисбатан 27 фоизга кўп демакдир.
Жорий йилда синов тариқасида олтин марказий клиринг тизими, шунингдек, қимматбаҳо металлар савдоси ва уларни қайта ишлаш бўйича тўлиқ занжирли тармоқ ишга туширилади. Бу янги иқтисодий ўсиш нуқталарини шакллантириш доирасида амалга оширилади.
Икки томонлама алоқалар натижаси сифатида Қозоғистонда вольфрам қазиб олувчи «Jiaxin International Resources Investment» компанияси ўтган йилнинг августида Ҳонгконг (HKEX) ва Астана (AIX) фонд биржаларида 153,1 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилган эди. Хитойнинг иккита йирик давлат корхонаси томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу компания акциялари биржага чиққан кундан буён қарийб 290 фоизга қимматлаган.
Шунингдек, Ҳонгконгнинг «Cathay Pacific» авиакомпанияси 2027 йилнинг биринчи чорагидан бошлаб Олмаотага парвозларни тиклайди. Авиаташувчи ҳафтасига учта рейс амалга оширишни режалаштирмоқда ва бу икки ҳудудни боғловчи ягона тўғридан-тўғри ҳаво қатнови бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий этилиши мумкин. Ҳонгконгмахсус маъмурий ҳудуди администрацияси раҳбари Жон Ли Каччиу бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида ўзаро визасиз режимни ўрнатиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тузиш нияти бўйича вербал ноталар алмашилган.





