Ҳўрмуз инқирози нефт қазиб олишни кескин пасайтирди

Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик фонида нефт қазиб олиш ҳажми тушиб кетди, ОПЕК бозор тикланишини йилнинг иккинчи ярмида кутмоқда.

Ҳўрмуз инқирози нефт қазиб олишни кескин пасайтирди

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиши ортидан нефт бозорида жиддий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, Ҳўрмуз бўғози атрофидаги инқироз нефт қазиб олиш ҳажмининг пасайишига олиб келди.

ОПЕК маълумотларига кўра, март ойида ташкилотга аъзо давлатларнинг кунлик нефт қазиб олиш ҳажми 7,9 миллион баррелга қисқариб, 20,79 миллион баррелни ташкил этди. Бу тахминан 27 фоизлик пасайишни англатади.

Экспорт занжирлари издан чиқди

Мутахассислар таъкидлашича, бу ҳолатга асосий сабаб сифатида Ҳўрмуз бўғозида кема қатновининг деярли тўлиқ тўхтаб қолгани кўрсатилмоқда. Натижада нефт экспорт занжирлари издан чиққан ва йирик ишлаб чиқарувчилар қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлган.

Энг катта пасайиш Ироқ, Саудия Арабистони, Қувайт ва БААда қайд этилди. Шу билан бирга, Эрон ва бошқа айрим давлатларда ҳам қазиб олиш ҳажми маълум даражада камайган.

ОПЕК тикланишни кутмоқда

ОПЕК ушбу узилишлар вақтинчалик эканини таъкидлаб, йилнинг иккинчи ярмида нефт бозорида талаб тикланишини кутмоқда. Ташкилот жаҳонда нефтга бўлган талаб бўйича прогнозини ўзгаришсиз қолдирган.

Хусусан, жорий йилда глобал нефт талаби кунига 1,4 миллион баррелга ўсиши кутилмоқда. Экспертлар фикрича, Яқин Шарқдаги можаро сабаб иккинчи чоракда кузатилаётган сустлик вақтинчалик бўлиб, йил охирига келиб иқтисодий фаоллик тикланиши ҳисобига қопланади.

Теглар

Мавзуга оид