«Human Rights Watch»: Ўзбекистонда пахта ва буғдой етиштиришда мажбурий тизим сақланиб қолмоқда
Ташкилотнинг янги ҳисоботида Ўзбекистонда давлат ишлаб чиқариш тизими фермерларни квота ва жарималар орқали назорат қилиши, уларнинг меҳнат ва мулк ҳуқуқлари поймол этилаётгани қайд этилди.
© Javhar ChorshanbiyevaСўнгги қишлоқ хўжалиги ислоҳотларига қарамай, Ўзбекистонда мажбурий давлат ишлаб чиқариш тизими орқали пахта ва буғдой фермерларининг инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бузилмоқда, дея ўз ҳисоботини эълон қилди «Human Rights Watch» ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми.
85 саҳифали «Фермерларда эркинлик йўқ: Ўзбекистонда пахта ва буғдой етиштирувчи фермерларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳамда эксплуатацияси» номли ҳисоботда давлатдан ижарага олинган ерлардаги мажбурий квоталар бўйича экинларни марказлаштирилган тарзда белгиланган нархларда сотиш, квоталарни бажармаганлик учун жарималарга тортиш (ҳатто талаб қилинадиган ҳосилдорликка эришиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам) ҳолатлари келтирилган. Ҳокимият органлари квоталарни бажармаган фермерларга таҳдид ва зўравонлик қўллаб, жарима сифатида ерларни тортиб олиши мумкинлиги ҳам қайд этилган. Шунингдек, ҳисоботда фермерлар пахта-тўқимачилик ва буғдой корхоналари томонидан тўловларнинг кечиктирилиши ёки умуман тўланмаслигига дуч келаётгани, ҳокимият органлари эса корхоналарни тўловларни амалга оширишга мажбур қилувчи суд қарорларининг ижросини таъминламаётгани ҳақида сўз боради.
«Ўзбекистон ҳукумати меҳнаткаш фермерларни пахта ва буғдой етиштириш учун мажбурлаш ва уларни эксплуатация қилиш амалиётига барҳам бериши зарур. Ҳокимият органлари фермерларни ҳақиқатдан ҳимоя қиладиган қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини амалга ошириши ва фермерларнинг ўзлари таклиф қилаётган зарур ўзгаришлар бўйича мулоҳазаларига қулоқ солиши лозим», – дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми директори Умида Ниёзова.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистоннинг олтита вилоятидан ва Қорақалпоғистон республикасидан 75 нафар фермер билан суҳбат ўтказган. Шунингдек, 2023 йил октябрдан 2025 йил декабргача бўлган даврда суд ҳужжатлари, қонунчилик ва бошқа расмий ҳужжатлар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги мақолалар, давлат амалдорларининг баёнотлари ўрганиб чиқилган.
«Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда пахта теримида давлат томонидан мажбурий меҳнатни тугатди ва қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш мажбуриятини олди. Сезиларли яхшиланишлар кузатилганига қарамай, Ўзбекистонда стратегик экинларни етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг мавжуд тизими ҳамон мажбурий меҳнат хавфини келтириб чиқармоқда», – дейилади ҳисоботда.
Ташкилотлар аниқлашича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тизими пахта ва буғдой фермерларининг мустақил фаолият юритишига ёки ўз меҳнат шароитларини назорат қилишига йўл қўймайди ва амалда уларни давлатга тобе қилиб қўяди.
«Худди биз ер эгалари эмас, балки кимнингдир ёлланган ишчисига айланиб қолгандекмиз», – дейди хоразмлик пахта етиштирувчи фермер.
«Human Rights Wаtch» ва Ўзбек форуми, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш шартномалари фермерларни маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ерларни ноқонуний ва ўзбошимчалик билан тортиб олишдан ҳимоя қилмаслигини, маҳаллий ҳокимият органлари эса фермерлар режаларни бажармаганда мунтазам равишда ерни тортиб олиш билан қўрқитишини ҳужжатлаштирган.
«Ҳукумат томонидан ерни тортиб олишга қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилган фермерлар Ўзбекистон судларида камдан-кам ҳолларда адолат топа олади, ёки топган тақдирда ҳам, маҳаллий амалдорлар ерни фермерга қайтариш тўғрисидаги қарорларни деярли ижро этмайди», – дейилади ҳисоботда.
Фермерлар, шунингдек, хусусий пахта-тўқимачилик ва буғдой ишлаб чиқарувчи корхоналар пахта ва буғдой хомашёси учун тўловларни кечиктириши ёки умуман тўламагани сабабли солиқ жарималарига тортилаётганини айтган. Баъзи ҳолларда кечиктирилган ёки амалга оширилмаган тўловлар уларни оғир молиявий аҳволга солиб қўяди ва банкротликка олиб келади. Баъзи ҳолларда ҳокимият органлар шартномаларга риоя қилишни таъминламаган ёки судлар қарор чиқарган бўлса ҳам, корхоналардан фермерларга тўловларни амалга оширишни талаб қилмаган.
Ҳақорат ва ҳибслар
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида адоватли ва камситувчи муҳит сақланиб қолмоқда. Фермерлар маҳаллий амалдорлар билан учрашувларда калтак егани ёки уларга нарсалар улоқтирилганини айтган. Амалдорлар фермерларни пахта ёки буғдой режасини бажармагани учун «эшак», «исқирт» ёки «чўчқа» деб ҳақоратлаган. Айрим оғирроқ ҳолатларда ички ишлар ходимлари ўзбошимчалик билан фермерларни режаларини бажармаган учун бир неча кунгача ҳеч қандай айбловсиз ҳибсга олган.
«Human Rigths Wаtch» ва Ўзбек форуми, шунингдек, ички ишлар фермерлар ҳуқуқлари ҳақида хабар берган маҳаллий блогерларга таҳдид қилгани ёки уларни ҳибсга олгани, кейин эса судлар уларга қисқа муддатли қамоқ жазоси берганини бир неча марта қайд этган.
Фермерлар ҳуқуқлари
Ўзбекистон ҳукумати «Human Rigths Wаtch» ва Ўзбек форуми билан ёзишмаларида бу хулосаларни асосан рад этиб, фермерлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва янги фармонларга ишора қилган.
Ўзбекистон фермерлари 1995 йилда ратификация қилинган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ўзбекистон 2016 йил декабрда ратификация қилган Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-сонли Конвенцияси билан кафолатланган адолатли ва қулай меҳнат шароитлари ҳамда бирлашмалар эркинлиги ҳуқуқига эга.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистон ҳукумати фермерлар ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоя қилишни таъминлайдиган сўнгги қонун ва фармонларга риоя этилишини таъминлаши кераклигини айтади.
«Ҳукумат ислоҳотлар Ўзбекистондаги пахта ва буғдой фермерларининг ўта адолатсиз ва эксплуатацион меҳнат шароитларини амалда бартараф этишини кафолатлаши лозим, жумладан квота тизимини бекор қилиш орқали. Ўзбекистон ҳукумати фермерларни қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар бўйича сиёсий муҳокамаларга жалб қилиши ва уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсияларини жиддий кўриб чиқиши керак», дейди «Human Rights Wаtch» ва Ўзбек форуми.
Шунингдек, ташкилотлар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари ва мамлакатда фаолият юритаётган халқаро молия институтлари ҳукуматни пахта ва буғдой соҳасига давлатнинг ўзбошимчалик билан ва мажбурий тарзда аралашувига чек қўйишга ундаши кераклигини ыайд этган. Хусусан, Европа Иттифоқи Ўзбекистондан 2025 йилда имзоланган янги икки томонлама шериклик битимидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришни талаб қилиши лозимлиги айтилади. Бу мажбуриятлар инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро конвенцияларни амалга ошириш шарти билан Ўзбекистонга берилган имтиёзли бозорга кириш ҳуқуқини ўз ичига олади.
«Ўзбекистон пахта ва буғдой фермерлари бундай эксплуатация қилувчи ва мажбурий ишлаб чиқариш шароитларида ишлаши даҳшатли. Ўзбекистоннинг ҳамкорлари, халқаро молия институтлари ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги потенциал инвесторлар Ўзбекистон ҳукумати фермерлар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳақиқатан ҳам ҳимоя қиладиган ислоҳотларни амалга ошириши учун ўз таъсир кучидан фойдаланишлари керак”, – деди «Human Rights Wаtch» ташкилотининг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Мира Риттманн.





