Ҳўрмуз бўғози: Эрон-АҚШ зиддияти ва глобал энергия бозори учун хавфлар

24.02.2026 | 20:306 дақиқа

Ҳар йили ушбу сув йўли орқали қиймати 500 миллиард доллардан ортиқ бўлган нефт ва газ олиб ўтилади, бўғознинг ёпилиши жаҳон иқтисодиётини узилишлар хавфи остида қолдиради.

Ҳўрмуз бўғози: Эрон-АҚШ зиддияти ва глобал энергия бозори учун хавфлар

Эрон ва АҚШ ўртасида кескинлик кучайганда ҳар сафар битта тор сув йўли — Ҳўрмуз бўғози дунё диққат марказига чиқади. Дунёдаги энг йирик ҳарбий кема — ядровий двигател билан ишлайдиган «USS Gerald R. Ford» авиаташувчиси Форс кўрфази томон йўл олган. Бу кема 2003 йилдаги Ироқ босқинидан бери минтақадаги энг йирик америкалик ҳарбий кучлар билан бирлашмоқда. Бу сафар Эрон Вашингтоннинг нишонида турибди.

Шу ойда Теҳрон ҳужумга қандай жавоб бериши мумкинлиги ҳақида ишора бериб, Форс кўрфазини очиқ денгиз билан боғловчи тор дарвоза — Ҳўрмуз бўғозининг айрим қисмлари вақтинча ёпиб қўйилишини эълон қилди. Эрон расмийлари жаҳон нефт таъминотининг тахминан 20 фоизи ташиладиган ушбу йўлакда жанговар машғулотлар ўтказди. Бу қадам бўғознинг айрим қисмларида фаолиятнинг камдан-кам кузатиладиган тўхтатилиши бўлди. Бу Вашингтоннинг Эронга зарба бериш ҳақидаги таҳдидлари амалга ошган тақдирда юзага келадиган иқтисодий оқибатлар ҳақида жиддий огоҳлантириш бўлиб хизмат қилди ва минтақавий тўқнашув қанчалик тез глобал бозорларга таъсир қилишини кўрсатиб берди.

Ҳўрмуз бўғози қаерда жойлашган?

Ҳўрмуз бўғози — дунёдаги энг муҳим нефт ташиш йўлаги ҳисобланади. Бу эгри сув йўли шимолда Эрон, жанубда эса Уммон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида жойлашган. Унинг кириш ва чиқиш қисмидаги кенглиги тахминан 50 км, энг тор нуқтасида эса тахминан 33 км ни ташкил этади. У Форс кўрфази ва Араб денгизи ўртасидаги ягона денгиз йўлидир.

Кенглиги кичик бўлишига қарамай, бу йўл дунёдаги энг йирик хом нефт ташувчи кемаларни сиғдира олади. Яқин Шарқдаги йирик нефт ва газ экспорт қилувчи давлатлар ўз маҳсулотларини халқаро бозорларга чиқаришда ушбу бўғозга таянади, импорт қилувчи давлатлар эса унинг узлуксиз ишлашига боғлиқдир.

1

Бўғоз орқали қанча нефт ва газ ўтади?

АҚШ Энергетика ахборот бошқармаси (EIA) маълумотларига кўра, 2024 йилда Ҳўрмуз бўғози орқали ҳар куни тахминан 20 миллион баррел нефт ўтган. Бу йиллик 500 миллиард долларлик энергия савдосига тенг бўлиб, ушбу сув йўлининг жаҳон иқтисодиётидаги марказий ролини яна бир бор тасдиқлайди.

Бўғоз орқали ўтадиган хом нефт Эрон, Ироқ, Кувайт, Қатар, Саудия Арабистони ва БААдан чиқади. Бўғоз фаолиятидаги ҳар қандай узоқ муддатли узилиш ишлаб чиқарувчиларни ва уларнинг экспортига боғлиқ бўлган иқтисодиётларни ларзага солади.

Бўғоз, шунингдек, суюлтирилган табиий газ савдосида ҳам муҳим рол ўйнайди. EIA маълумотларига кўра, 2024 йилда жаҳон суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб бериш ҳажмининг қарийб бешдан бир қисми ушбу йўлак орқали ўтган ва бу ҳажмнинг асосий қисми Қатар ҳиссасига тўғри келган.

Энергия оқимлари манзили

Ҳўрмуз бўғози — СТГ оқимлари учун икки томонлама «дарвоза» вазифасини ўтайди. Кувайт ва БАА каби кўрфаз давлатларининг ўзлари ҳам АҚШ ва Ғарбий Африкадан келадиган газ импорти учун айнан шу йўлакка таянади.

EIA ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда Ҳурмуз бўғози орқали ўтган хом нефт ва конденсатнинг 84 фоизи Осиё бозорларига йўналтирилган. Газ савдосида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда: бўғоз орқали ўтадиган СТГ ҳажмининг 83 фоизи Осиё давлатлари учун мўлжалланган.

Ўтган йили Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Корея бўғоз орқали ўтган барча хом нефт ва конденсат оқимининг жами 69 фоизини қабул қилиб олган. Ушбу мамлакатларнинг заводлари, транспорт тармоқлари ва энергия тизимлари Форс кўрфази энергиясининг узлуксиз етказиб берилишига боғлиқ.

2

Эроннинг имкониятлари нималардан иборат?

Халқаро ҳуқуққа кўра, давлатлар ўз соҳилларидан 12 денгиз мили (22 км) масофагача суверен ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин. Ҳўрмуз бўғозининг энг тор қисми ва белгиланган кема йўллари тўлиқ Эрон ва Уммоннинг ҳудудий сувларига тўғри келади.

Ушбу ҳуқуқий воқелик Теҳронга географик устунлик беради. Ҳар ой бўғоз орқали тахминан 3000 та кема ўтади. Агар Эрон ҳаракатга тўсқинлик қилишга уринса, энг самарали тактикалардан бири тезкор ҳужум катерлари ва сувости кемалари ёрдамида денгиз миналарини жойлаштириш бўлади.

Теҳрон флоти кемаларга қарши ракеталар билан жиҳозланган тезкор катерлар, шунингдек, асимметрик уруш учун мўлжалланган усти очиқ кемалар, ярим сувости қурилмалари ва сувости кемаларини ўз ичига олади.

Ўтган йили Эрон парламенти Ҳўрмуз бўғозини ёпиш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди. Ҳар қандай якуний қарор Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоминаи ихтиёрида қолади.

Минтақавий динамика вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.

Яманда Эрон билан яқин алоқада бўлган ҳусийлар гуруҳи Қизил денгизни глобал савдо йўллари билан боғлайдиган яна бир муҳим денгиз йўлаги — Боб ал-Мандаб бўғози орқали ҳаракатни тўхтатишга яна уриниб кўриши мумкин. 2023 йил октабр ойида Исроилнинг Ғазодаги геноцид уруши бошланганидан кейин ушбу йўлак орқали юкларни етказиб беришда жиддий узилишлар кузатилган эди.

Яманнинг шимоли-ғарбий қисмини, жумладан пойтахт Санони назорат қилувчи ҳусийлар яқинда «Собитқадам ва кейинги босқичга тайёр» шиори остида оммавий митинг ўтказиб, ички ёки ташқи душманлар билан эҳтимолий тўқнашувга тайёр эканликларини билдиришди.

Ҳўрмуз ва Боб ал-Мандаб бўғозларига бўладиган ҳар қандай мувофиқлаштирилган босим глобал кема қатнови, энергия бозорлари ва халқаро савдо учун хавфларни кучайтиради.

Жаҳон нефт нархларига таъсири

«Energy Intelligence» компаниясининг Яқин Шарқ бўйича вакили Колби Коннелли «Al Jazeera» телеканалига берган интервюсида Ҳўрмуз бўғозининг тўлиқ ёки қисман ёпилиши яқин келажакда «нефт нархига катта таъсир кўрсатишини» айтди. Бу бўғознинг қанча вақт давомида ёпиқ қолишига боғлиқ бўлади.

«Форс кўрфазидан келадиган маҳсулот ўрнини боса оладиган бошқа йирик таъминот манбалари мавжуд эмас, айниқса, ОПЕК+ захира ишлаб чиқариш қувватининг қарийб 70 фоизи айнан кўрфаз давлатлари ҳиссасига тўғри келишини инобатга олсак», деди Коннелли.

Саудия Арабистони ўз хом нефтини экспорт қилишда ушбу бўғозга қаттиқ таянади ва у ердан кунига тахминан 5,5 миллион баррел нефт олиб ўтади— бу минтақадаги ҳар қандай бошқа давлатдан кўпроқдир.

EIA маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Эрон нефт экспорти кунига ўртача 1,7 миллион баррелни ташкил этган ва унинг қарийб 90 фоизи Хитойга йўналтирилган.

«Саудия Арабистони ва БАА экспортни Қизил денгиз соҳили ва Фужайра (Уммон кўрфазидаги БАА порт шаҳри) орқали давом эттириш имконини берувчи чекланган қувур қувватларига эга», дейди Коннелли.

Баъзи кўрфаз мамлакатлари таъминот шокларини юмшата оладиган хорижий омборларда катта ҳажмдаги захираларга эга бўлса-да, Коннелли жиддий узилишлар вақтида бу захиралар камлик қилиши мумкинлигини қайд этди.

«Сўнгги ҳафталарда нефт нархи геосиёсий кескинликка жуда тез таъсир кўрсатмоқда ва натижада, агар йирик узилиш юз берса, нархлар бир баррел учун 100 доллардан анча юқорига кўтарилиб кетиши мумкин», деди у.

3

Глобал иқтисодиётга таъсири

Ҳўрмуз бўғози орқали энергия оқимларининг ҳар қандай узилиши ёқилғи ва завод харажатларини оширади, айниқса Хитой ўз иқтисодий ўсишини таъминлаш учун ишлаб чиқариш ва экспортга таянаётган бир пайтда. Энергия нархларининг кўтарилиши ишлаб чиқариш харажатларини оширади, компаниялар эса бу харажатларни етказиб бериш занжири ва истеъмолчиларга юклаши эҳтимоли юқори.

«Бу глобал иқтисодиёт учун оғир инфляциявий оқибатларга олиб келади», — дея огоҳлантирди Буюк Британиядаги Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти илмий ходими Самуэл Рамани.

Бунинг оқибатлари Хитой билан чекланиб қолмайди. Осиёнинг бир қатор йирик иқтисодиётлари бўғоз орқали ўтадиган транзит юкларга қаттиқ боғланиб қолган.

Ҳиндистон хом нефт импортининг деярли ярми ва табиий газ таъминотининг қарийб 60 фоизи Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади. Жанубий Корея ўз хом нефтининг тахминан 60 фоизини шу йўналиш орқали олса, Япония нефт импортининг деярли тўртдан уч қисми учун шу бўғозга таянади.

 

Теглар

Мавзуга оид