
Ички аудит хизмати ходимлари фаолияти самарадорлигининг рейтинги тузилди
Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизмати ходимларининг жорий йил учинчи чорак фаолияти самарадорлиги рейтинги тузилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг 228 нафар ички аудит хизмати ходимларидан 129 нафари (57 фоизи) «аъло», 51 нафари (22 фоизи) «яхши», 31 нафари (14 фоизи) «қониқарли» ҳамда 17 нафари (7 фоизи) «қониқарсиз» деб баҳоланган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг учинчи чорак рейтинг кўрсаткичлари ўтган чорак натижаларига нисбатан яхшиланган. Хусусан, «аъло» рейтинг кўрсаткичига эга ички аудит хизмати ходимлари сони 91 нафардан 129 нафарга ҳамда «яхши» рейтинг кўрсаткичига эга ходимлар сони 46 нафардан 51 нафарга ортган. Шунингдек, «қониқарсиз» рейтинг кўрсаткичига эга ички аудит хизмати ходимлари сони 32 нафардан 17 нафарга камайишига эришилгани маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, ички аудит хизмати ходимлари фаолиятининг самарадорлиги амалдаги норматив ҳужжатга асосан олди олинган молиявий хато ва камчиликлар, масофавий аудит натижалари, йиллик режанинг бажарилиши ҳамда таклифларнинг ижро этилиши кўрсаткичларига кўра белгиланади. Яъни, 56 фоизгача – «қониқарсиз», 56 фоиздан 71 фоизгача – «қониқарли», 71 фоиздан 86 фоизгача – «яхши», 86 фоиздан юқори – «аъло» дея баҳоланади.
Аввалроқ мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари асосида ойлик устама тўланиши ҳақида хабар берилганди.





