Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари қамоқдан чиқди, 4 ёшли бола тоғда йўқолиб қолди, Синдоров яна чемпион бўлди — ҳафта дайжести
Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан VAQT.UZ дайжестида батафсил танишинг.
Бекмурод Абдуллаев гаров эвазига қўйиб юборилди
Ўзбекистон ички ишлар вазири собиқ ўринбосари, катта миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинишида гумонланиб қўлга олинган Бекмурод Абдуллаев озодликка чиқди. У 200 млрд сўмдан ортиқ зарарни тўлаб берган.
Мальумотга кўра, етказилган 200 млрд сўмдан ортиқ зарар нақд пулда қопланганидан сўнг, генерал-майор Бекмурод Абдуллаевга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган. Гаров пули Бекмурод Абдуллаевнинг акаси — миллиардер Баҳодир Абдуллаев томонидан тўлангани айтилмоқда.
Абдуллаев аввал мудофаа, ички ишлар ва Миллий гвардия тизимларида ишлаган, 2021 йилда ички ишлар вазири ўринбосари бўлган. У 2025 йил ноябрда лавозимидан олинган.
2026 йил январда у ҳамда собиқ амалдор Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши очилиб, улар бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланиб қамоққа олингани маълум қилинган.
Ҳозирда Рустам Турсунов қамоқда қолмоқда.
Жавоҳир Синдоров яна чемпион бўлди
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров шахматда тарихий натижа қайд этиб, Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритди ва жаҳон тожи учун баҳслашиш ҳуқуқини расман таъминлади.
13-тур якунига кўра 20 ёшли шахматчи 9,5 очко тўплаб, қолган бир тур натижасидан қатъи назар, иккинчи ўриндаги рақиблар учун етиб бўлмас устунликка эга бўлди. У ҳал қилувчи учрашувда асосий рақобатчилардан бири — нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гирига қарши ўйнаб, қора доналарда ўйнаганига қарамай, ҳимояда юқори аниқлик намойиш этди.
Ўйинда аксар доналар алмашинувидан сўнг вазият мураккаб руҳлар эндшпилига ўтди ва якунда рақиб дурангга рози бўлди. Бу натижа Синдоров учун ғалабага тенг бўлиб, у турнирни олдиндан ёпиш имкониятини берди.
Эндиликда у амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан жаҳон шахмат тожи учун баҳслашади. Шу тариқа, Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон шахмат тарихида янги саҳифа очиб, Номзодлар турнирида ғолиб чиққан илк ўзбекистонлик сифатида қайд этилди.
Бу янгилик бутун Ўзбекистон медиасида катта шов-шувга сабаб бўлди ва ватандошлар Жавоҳир Синдоровдан фахрланишди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича 2026 йилги Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдаровни телефон орқали табриклади.
Болакай тоғда йўқолиб қолди
Якунланаётган ҳафтада Оҳангарон туманида 4 ёшли бола тоғли ҳудудда йўқолиб, бир неча соат давом этган қидирув-қутқарув ишлари натижасида соғ-саломат ҳолда топилгани маьлум қилинди.
13 апрель куни оила дам олиш мақсадида тоғли ҳудудга чиққан ва сайр давомида бола катталар назоратидан четда қолиб кетган. Орадан 40 дақиқа ўтгач, унинг йўқолгани аниқланган.
Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлигига хабар берилган ва тезкор қидирув-қутқарув ишлари бошланган. Операцияга Тошкент вилояти қутқарув хизматлари ҳамда Қамчиқ махсус қутқарув бўлинмаси жалб этилган.
6 соатдан ортиқ давом этган қидирув натижасида бола 14 апрель куни тунги соат 00:20 атрофида Олмалиқ шаҳри ҳудудида, қорли тоғли жойда топилган. У воқеа жойидан тахминан 3 километр узоқликда аниқланган ва соғ-саломат ҳолда ота-онасига топширилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги-энг ёпиқ давлат органи
Бу ҳафта коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилган 2025 йилги очиқлик индексига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2025 йилнинг энг ёпиқ давлат органларидан бири сифатида қайд этилди.
Ҳисоботга кўра, жами 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий ҳокимият органлари 84 та мезонни қамраб олган саккизта асосий индикатор бўйича баҳоланган. Якуний натижаларда 66 та ташкилот «яшил», 22 таси «сариқ» ва 9 таси «қизил» тоифага киритилган. 2022 йилдаги илк баҳолаш билан солиштирилганда, «яшил» тоифадагилар 3,5 баробарга ошгани, «қизил» тоифадагилар эса 3 баробарга камайгани умумий ижобий динамикани кўрсатади.
Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзавтосаноат» ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», шунингдек Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан қайд этилган.
Шу билан бирга, ҳудудий кесимда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги «қизил» тоифага киритилган. Республика даражасида эса «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда «Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш агентлиги» ҳам паст кўрсаткичлар қаторида қайд этилган.
Ислом цивилизацияси маркази Гиннес рекордлар китоби рўйхатида
Жорий ҳафтада Гиннес рекордлар китоби рўйхатига Ўзбекистонда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази расман киритилди ва у «дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи» сифатида эътироф этилди.
Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида 10 гектар майдонда қад ростлаган ушбу улкан иншоот уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. 65 метр баландликдаги гумбази ва 42 минг квадрат метрдан ортиқ умумий майдони уни дунёдаги энг йирик музейлардан бирига айлантирган.
Тақдирлаш маросимида ташкилот вакиллари марказнинг барча халқаро мезонларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади. Тадбирда лойиҳа устида ишлаган меъморлар, олимлар ва қурувчилар иштирок этиб, мукофот марказ Илмий кенгаши аъзоларига топширилди.
Ўзбекистонда пул жамғармайдиганлар улуши ортмоқда
Ўзбекистонда ўтказилган сўров натижаларига кўра, пул жамғармайдиган аҳоли улуши ортгани қайд этилди.
2025 йилнинг IV чорагида аҳолининг 40,4 фоизи умуман жамғармага эга эмаслигини билдирган. Бу кўрсаткич III чоракда 38 фоизни ташкил этган бўлиб, бир чорак ичида 2,4 фоизлик ўсиш кузатилган.
Сўров натижаларига кўра, аҳолининг катта қисми қисқа муддатли молиявий захирага эга экани маълум бўлди: 34,1 фоиз иштирокчи жамғармаси фақат бир ойгача етарли эканини айтган. Шу билан бирга, 3–6 ойлик жамғармалар улуши бироз ошган бўлса-да, 1–3 ойлик ва 6 ойдан ортиқ захирага эга бўлганлар улуши пасайгани кузатилган.
Шунингдек, сўровда қатнашганларнинг 62,6 фоизи келгусида жамғармалари ортишига ишончи борлигини билдирган. 24,2 фоиз ўз ҳолати ўзгаришсиз қолишини, 13,2 фоиз эса жамғармалар камайишини кутмоқда.
Шикастланган давлат рақамини онлайн алмаштириш
Энди шикастланган ёки яроқсиз ҳолга келган авторақамларни алмаштириш анча осонлашди — буни онлайн тарзда, my.gov.uz орқали амалга ошириш мумкин.
Фуқаро порталга кириб, хизматни танлайди, керакли давлат рақами турини белгилайди ва шикастланган рақамнинг фотосини юклайди. Ариза ЙҲХХ томонидан кўриб чиқилади.
Агар ариза маъқулланса, тўлов учун ҳисоб-фактура юборилади. Янги авторақам нархи БҲМнинг 3,5 баравари — ҳозирда 1 миллион 442 минг сўм.
Тўловдан сўнг рақам тайёрланади ва фуқаро ЙҲХХ бўлимига бориб, эскисини топшириб, янгисини олади.
Шу билан бирга, «чиройли» рақамлар учун оширилган ставкалар бекор қилинган ва уларни олиш учун “АвтоРақам” мобил иловаси ҳам ишга туширилган.
Бабаян истеъфога чиқарилди
Якунланаётган ҳафта “Андижон” футбол клубидаги қониқарсиз натижалар сабаб бош мураббий Самвел Бабаян истеъфога чиққанини маълум қилди.
12 апрель куни Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган “Андижон” – ОКМК учрашуви 1:2 ҳисобида олмалиқликлар ғалабаси билан якунланган. Бу натижа “Андижон” учун мавсумдаги бешинчи мағлубият бўлиб, жамоа 6 очко билан турнир жадвалининг 14-поғонасида қолган.
Учрашувдан сўнг Самвел Бабаян жамоа бошқарувини тарк этишини эълон қилди. У ўз баёнотида энди клубда натижа учун ҳаракат қилиш имкони қолмаганини таъкидлаб, масъулиятни бошқа мутахассисга топширишини билдирди.
Маълумот учун, Бабаян 2025 йил 1 декабрдан буён “Андижон”ни бошқариб келаётган эди. У фаолияти давомида бир қатор клублар, жумладан “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Локомотив”, шунингдек Латвия ва Хитой жамоалари ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам ишлаган.
Доно Бобохонова вафот этди
Ўзбекистон маданият соҳасида йўқотиш — 15 апрель куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек давлат драма театри хабар берди.
Доно Бобохонова 1946 йил 20 ноябрда Қозоғистонда туғилган. У Тошкент театр ва рассомлик институтини тамомлаб, ижодий фаолиятини Ёш гвардия театрида бошлаган. 1996 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган.
У миллий саҳна санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб, бетакрор образлари билан танилган. Актриса “Бозор кўрмаган йигит” ва “Гап йўқ” теленовеллаларидаги роллари, шунингдек “Тилим қурсин”, “Чол ва набира”, “Берлин-Оққўрғон” каби фильмлардаги ижролари билан мухлислар хотирасида қолган.
Теглар






