Ички ишлар ходимига мушт туширган ҳайдовчининг ИИБдаги акаси ишдан олинди
Ходимга мушт туширилган вақтда ҳайдовчининг ёнида унинг акаси — Ички ишлар тизимида масъул лавозимда ишловчи подполковник Шерзод Пардаев ҳам бўлган.

Тошкент шаҳрида ЙПХ ходимига куч ишлатган ҳайдовчи Бобур Пардаевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди. Унинг ишига аралашиб, хизмат ваколатини суиистеъмол қилган акаси — Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходими, подполковник Шерзод Пардаев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Полковник аканинг ишдан кетиши
Қайд этилишича, Сирдарё вилояти ИИБда ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Саттаров раҳбарлигида танқидий йиғилиш ўтказилган. Унда Сирдарё вилояти ИИБ раҳбар ходими ва унинг яқин қариндоши иштирокидаги ҳуқуқбузарлик — маст ҳайдовчининг ички ишлар ходимига мушт туширгани ва ёнидаги подполковник акаси бунга аралашгани муҳокама қилинган.
Диёрбек Саттаровнинг маълум қилинишича, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган подполковник Шерзод Пардаев вазирликнинг тегишли буйруғи билан лавозимидан озод этилган. Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликни таъминлаш бўйича раҳбар ходимларга аниқ кўрсатмалар берилган.
Ўзи нима бўлганди?
Ҳолат 30-март куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида содир бўлган. Ҳудудда ҳаракатланиб кетаётган, давлат рақам белгисига эга бўлмаган «Malibu» ҳамда «Leapmoto» автомашиналари ўзаро тўқнашиб кетган. . Ушбу ҳодисадан сўнг ҳайдовчилар ўртасида келишмовчилик ва тортишув юзага келган. Вазият чигаллашгач, «Leapmotor» ҳайдовчиси 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, «Malibu» ҳайдовчиси ЙТҲ содир этганини ва унга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётганини маълум қилган.
Мурожаат асосида воқеа жойига зудлик билан патрул-пост хизмати ходимлари етиб келиб, ҳолатни расмийлаштиришга киришган. Жараён давомида «Malibu» ҳайдовчисининг маст ҳолатда экани гумон қилиниб, унга алкотестер орқали текширувдан ўтиш таклиф қилинган. Бироқ ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан қаршилик кўрсатган ва улардан бирига тирсаги билан кучли зарба берган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеа жойидан олинган видеотасвирларда ходимга мушт туширилган вақтда ҳайдовчининг ёнида бўлган акаси — Ички ишлар тизимида масъул лавозимда ишловчи подполковник Шерзод Пардаев ҳам воқеага аралашишга ва вазиятни бости-бости қилишга урингани акс этган.
Ҳайдовчи қамоққа олинган
Бобур Пардаевнинг ички ишлар ходимига мушт тушириши ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар судлари расмий ахборот берди.
Унга кўра, мазкур жиноят иши доирасида айбланувчи сифатида жалб этилган 1990 йилда туғилган Бобур Пардаевга нисбатан жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2026 йил 3 апрелдаги қарори билан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бугун ушбу суд ажрими Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз, айбланувчи томон келтирган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.





