Logo

Иккита вилоятда пора олган мансабдорлар ушланди

Бугун 10:552 дақиқа

Тошкентда ер ижараси, Қашқадарёда электр иши бўйича пора талаб қилган шахслар қўлга олинди.

Иккита вилоятда пора олган мансабдорлар ушланди © DXX matbuot xizmati

Тошкент ва Қашқадарёда коррупсион ҳолатларга чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси мансабдор танишлари орқали «Тошкент шаҳар саноат зоналарини бошқариш дирекцияси» ДМ балансидаги ер майдонидан жорий йилда фойдаланиши учун маҳаллий МЧЖ ва ўзи фаолият юритаётган бошқарма ўртасида ижара шартномасини расмийлаштириб, ижара ҳақини камайтириб беришни ваъда қилган.

Шу билан бирга, МЧЖнинг 2025 йилдаги қарздорлигини тугатиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Муборак тумани Электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари жиноят ишлари бўйича мазкур туман судида маҳаллий фуқарога нисбатан электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати бўйича кўрилаётган жиноят ишида фуқаровий даъвогар бўлгани ҳолда, корхона манфаатларига етказилган 103 млн сўм зарарни қайта ҳисоблаб, танишлари орқали 34 млн сўмга камайтириб берганлигини айтган. 

Мансабдор шахс бу хизмати учун фуқародан 17 млн сўм талаб қилган. Тезкор тадбир давомида у пулларни турмуш ўртоғи орқали олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда прокурор пора билан қўлга олингани хабар қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид