Logo

Илон Маск илк триллионерга айланди

Бугун 09:252 дақиқа

SpaceX акцияларининг тарихий IPO’си компания қийматини 1,77 триллион долларга етказди. Бу эса Илон Маск бойлигини 1 триллион доллардан ошириб, уни дунёдаги биринчи триллионерга айлантирди.

Илон Маск илк триллионерга айланди © joltjournal.com

Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси АҚШ тарихидаги энг йирик IPO’ни амалга оширди. Компания акциялари бир донаси 135 доллардан баҳоланиб, жами 555,56 миллион акция сотилди. Натижада SpaceX 75 миллиард доллар жалб қилди ва унинг бозор қиймати 1,77 триллион долларга етди.

Бу кўрсаткич SpaceX’ни АҚШдаги энг қиммат компаниялар қаторига олиб чиқди. Компания «Nasdaq» биржасида савдолар бошланиши билан мамлакатдаги еттинчи энг йирик оммавий компанияга айланади. SpaceX қиймати «JPMorgan Chase», «Berkshire Hathaway», «Eli Lilly», «Tesla» ва «Meta» каби гигантлардан ҳам юқори баҳоланмоқда.

IPO жараёни бир қатор анъанавий Уолл-стрит қоидаларини бузган ҳолда ўтди. Компания акцияларининг 30 фоизи чакана инвесторлар учун ажратилди. Шунингдек, IPO нархи одатдаги музокаралар жараёнидан олдин эълон қилинди. IPO якунланганидан кейин ҳам Маск компаниядаги овоз бериш ҳуқуқининг 82 фоизини сақлаб қолди.

SpaceX ҳақида

2002 йилда ташкил этилган SpaceX ҳозирда ракета учириш, сунъий йўлдошлар ва сунъий интеллект соҳаларида фаолият юритади. Компаниянинг асосий даромад манбаи «Starlink» спутник интернет хизмати бўлиб, у 164 мамлакатда миллионлаб мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Компания маълумотларига кўра, сўнгги уч йилда орбитага чиқарилган юкларнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғи SpaceX ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, таҳлилчилар компаниянинг юқори баҳосига эҳтиёткорона ёндашмоқда. Айрим экспертлар SpaceX даромадларининг давлат шартномаларига юқори даражада боғлиқлигини таъкидламоқда. Шунингдек, компания келажакда Jeff Bezos асос солган Blue Origin каби рақобатчилар билан курашишига тўғри келади.

Теглар

Мавзуга оид