add

Имомали Раҳмон чегарани қаттиқ қўриқлашни буюрди

02.12.2025 | 09:387332 дақиқа

Тожикистон президенти Афғонистон томонидан мамлакат ҳудудига қуролли ҳужум содир этилганидан сўнг шошилинч чоралар кўришни буюрган.

Имомали Раҳмон чегарани қаттиқ қўриқлашни буюрди

Тожикистон республикаси президенти Имомали Раҳмон мамлакатнинг Афғонистон билан давлат чегарасидаги жорий вазият ва уни қўриқлашни кучайтириш йўлларини мамлакат куч тузилмалари раҳбарлари билан муҳокама қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Тожикистон раҳбари Афғонистон томонидан содир этилаётган ҳодисаларни қоралаган ва ҳукумат амалдорларига муаммони ҳал қилиш ва бундай ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун шошилинч чоралар кўришни буюрган.

Қайд этилишича,1 декабрга ўтар кечаси Тоғли Бадахшоннинг Дарвоз туманида — Афғонистон чегараси яқинида қуролланган шахслар йўл қурилиш компаниясининг хитойлик ишчиларига ҳужум қилган ва икки киши ҳалок бўлган. Бу Тожикистон ҳудудига бир ҳафта ичида иккинчи ва ноябр ойидан бери учинчи ҳужумдир.

Афғон оммавий ахборот воситалари хабар беришича, ҳужумга Афғонистоннинг Моймай туманига кўчирилган Толибон чегара хизмати бўлинмалари алоқадор бўлиши мумкин. Ҳужум сабаблари номаълум, ҳалок бўлганларнинг шахси ошкор қилинмаяпти.

Тожикистон ҳукуматига кўра, сўнгги ҳафта давомида Тожикистон ҳудуди икки марта ўққа тутилган: беш киши ҳалок бўлган, беш киши яраланган.

17 ноябр куни қуролланган номаълум шахслар Афғонистондан чегарани кесиб ўтиб, «Шоҳин SM» компанияси ходимларига ҳужум қилди: бир нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлди, яна беш киши — тўрт хитойлик ва бир тожикистонлик — яраланди.

26 ноябр куни навбатдаги ҳужум пайтида худди шу компаниянинг уч нафар хитойлик ходими ҳалок бўлди. Ҳужумчилар ўқотар қурол ва гранатали дрондан фойдаланган.

26 ноябрдаги ҳужумдан сўнг Хитойнинг Душанбедаги элчихонаси Хитой фуқароларини чегара ҳудудларини тарк этишга чақирди ва тергов ўтказишни талаб қилди.

Афғонистон ҳукумати Хитой фуқароларининг ўлдирилишини қоралаб, бунга минтақада тартибсизлик келтириб чиқариш ҳамда ишончсизлик кайфиятини кучайтиришга интилаётган гуруҳлар жавобгар эканини айтди.

Теглар

Мавзуга оид