add

Имрон Хон қамоқхонада вафот этгани айтилмоқда

27.11.2025 | 08:1811482 дақиқа

Афғонистон нашрларидан бирининг ёзишича, Имрон Хон 17 кун олдин қамоқхонада сирли тарзда ўлдирилган.

Имрон Хон қамоқхонада вафот этгани айтилмоқда

Афғонистон оммавий ахборот воситалари Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон қамоқхонада вафот этгани ҳақидаги маълумотни тарқатди. Бу хабарнинг расмий тасдиғи йўқ. Хон тарафдорлари қамоқхона олдига тўпланиб, тушунтириш беришни талаб қилишди.

Бугун кундузи Афғонистон ОАВлари Покистоннинг собиқ бош вазири қамоқхонада ўлдирилганини маълум қилди.

«Покистондаги ишончли манба Имрон Хон шубҳали тарзда ўлдирилгани ва унинг жасади қамоқхонадан олиб чиқилганини тасдиқлади», - дея хабар берди X Afghanistan Times ижтимоий тармоғи.

Бошқа бир афғон нашрининг айтишича, «Покистон армиясидаги номи ошкор қилинмаслигини сўраган манба"»га кўра, Имрон Хон «17 кун олдин қамоқхонада сирли тарзда ўлдирилган».

Таъкидланишича, Имрон Хон тарафдорлари ва Покистон адолат ҳаракати (Pakistan Tehreek-e-Insaf) партияси аъзолари ўз етакчиси ҳақида маълумот олиш учун қамоқхона олдида тўпланган. Шу сабабли Покистон ҳукумати хавфсизликни таъминлаш учун юзлаб ҳарбийларни жўнатган.

Маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ. Фойдаланувчиларнинг ёзишича, Покистон ҳукумати унинг қамоқхонада вафот этгани ҳақидаги хабарларни инкор этмоқда.

Шунингдек, Pakistan Observer нашрининг хабар беришича, кеча, 25 ноябр куни Адиал қамоқхонаси бошлиғи Исломобод Олий судига йўллаган мактубида Покистон адолат ҳаракати асосчиси «қаттиқ назорат остида» эканини маълум қилган.

Бундан ташқари, кечадан бери қамоқхона олдида собиқ бош вазирнинг тарафдорлари тўпланиб, унинг ёнига киритишни ёки у ҳақида маълумот беришни талаб қилмоқда. Хабар қилинишича, норозилар орасида Имрон Хоннинг синглиси ҳам бор.

Воқеа жойидан олинган фото ва видеолар Х ижтимоий тармоғида пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил январ ойида Покистон суди мамлакатнинг собиқ бош вазири Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушру Хонни коррупцияда айблаб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Бундан бир кун олдин у давлат сирини ошкор қилгани учун 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган

Ўтган йилнинг ноябр ойида Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хоннинг қамоқдан озод этилишини талаб қилган тарафдорлари полиция билан тўқнашиб, ҳукумат томонидан ўрнатилган тўсиқларни ёриб ўтиб, Исломобод марказига кириб борган эди. Ҳар икки томоннинг баёнотларига кўра, камида олти киши ҳалок бўлган.

Теглар

Мавзуга оид