Имтиёзли кредитларни талон-торож қилган ҳоким ёрдамчилари қўлга олинди
Андижон ва Сирдарё вилоятларида ҳоким ёрдамчилари ва бошқа мансабдорлар иштирокида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди.
© Foto: news.tut.byБош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон ва Сирдарё вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ учта ҳолатни аниқлади.
442 миллион сўмлик фирибгарлик
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ўтказилган текширувда «У.Т.» ва «Қ.А.» МЧЖлар масъуллари, «Қайирма» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси ҳамда бошқа шахслар ўзаро тил бириктиргани аниқланган.
Улар фуқароларга иссиқхона фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган 442,3 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағини хизмат кўрсатувчи корхоналар бажармаган ишларни ҳужжатларда бажарилган деб расмийлаштириш орқали фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Яна бир ҳолат Андижон шаҳрида қайд этилган. Терговга кўра, «Л.А.» МЧЖ раҳбари ҳамда «Форобий» маҳалласи собиқ ҳоким ёрдамчиси фуқароларга ажратилган 163 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган.
Сирдарёда ҳам қонунбузилиш аниқланди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги текширув давомида эса «Тошкент» маҳалласи собиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқа шахслар 8 нафар фуқарога ажратилган 248 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағини таъминотчи корхоналар орқали талон-торож қилгани маълум бўлган.
Департамент маълумотига кўра, барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон ва Бухоро вилоятларида кредит маблағларини ўзлаштирган банкирлар қўлга олинганлиги хабар қилинганди.





