Инсофсиз суғурта агентлари очиқ реестрга киритилади

Бугун 12:552 дақиқа

Ўзбекистонда суғурта агентлари учун янги талаблар жорий этилди, қоидабузар суғурта агентларининг фаолияти чекланиши мумкин.

Инсофсиз суғурта агентлари очиқ реестрга киритилади © vaqt.uz

Суғурта бозорида воситачилар фаолиятини тартибга солиш мақсадида Адлия вазирлиги 2 июнь куни суғурта агентлари тўғрисидаги янги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжат суғурта агентларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг фаолиятини назорат қилиш ҳамда қонунбузарликлар учун жавобгарлик тартибини белгилайди.

Низомга мувофиқ, суғурта агенти суғурталовчи номидан суғурта шартномаларини тузиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш билан шуғулланувчи жисмоний ёки юридик шахс ҳисобланади. Суғурталовчи ва агент ўртасидаги шартнома Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида бир кун ичида рўйхатдан ўтказилиши ҳамда агентга махсус ID рақам берилиши шарт.

Шунингдек, жисмоний шахс бўлган агентларга ўзлари ёки яқин қариндошлари номига расмийлаштириладиган суғурта шартномаларида воситачи сифатида иштирок этиш тақиқланди.

Кредитлар учун тартиб

Ҳужжатда банк кредитлари билан боғлиқ суғурта шартномалари учун алоҳида қоидалар ҳам белгиланган. Унга кўра, бундай шартномаларда суғурта агенти сифатида фақат кредит ажратган банк иштирок этиши мумкин.

Бироқ мижоз ўз хоҳишига кўра суғурта компаниясини мустақил танлаш ҳуқуқини сақлаб қолади. Бу норма кредит олувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва бозорда рақобатни таъминлашга қаратилган.

Низомга кўра, агент воситачилигида тузилган шартномалар бўйича тўланадиган ҳақ суғурталовчининг ҳисоб рақамига тушган суғурта мукофотларининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.

Назорат ва реестр

Суғурталовчилар агентлар фаолиятини ҳар олти ойда камида бир марта мониторинг қилиши шарт. Текширувларда шартномаларнинг қонунийлиги, суғурта мукофотлари ҳисоби ва бошқа масалалар ўрганилади.

Қонунчилик талабларини бузган агентларга нисбатан янги полисларни расмийлаштириш ёки шартномаларни тизимда рўйхатдан ўтказиш вақтинча тўхтатилиши мумкин. Айрим ҳолатларда агентлик шартномаси ҳам бекор қилинади.

Низомга мувофиқ, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги инсофсиз суғурта агентлари реестрини юритади. Фирибгарлик, ҳужжат сохталаштириш, коррупция ёки ёлғон маълумотлар асосида шартнома тузиш ҳолатларида агентлар ушбу очиқ реестрга киритилади ва маълум муддат давомида унда сақланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИЛМА «Глобал Инсуранcе Гроуп» литсензиясини бекор қилганди.

Теглар

Мавзуга оид