
Интернетда 600 нафар фуқарони чув туширган шахслар ушланди
Ижтимоий тармоқлар орқали бир гуруҳ шахслар фуқароларни «кредит лимитини нақдлаш» баҳонасида алдаб, 1 млрд сўмдан ошиқ маблағни ўзлаштиргани аниқланди.

Тошкент вилоятида кибержиноят билан шуғулланган тўрт нафар шахс фуқароларни алдаш орқали катта миқдордаги маблағни ноқонуний равишда қўлга киритгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2005 йилда туғилган Б.Н. ва унинг уч нафар шериклари Телеграм ва Инстаграм ижтимоий тармоқларида «Limitlash xizmati» номли саҳифа очиб, фуқароларга микромолия ташкилотлари томонидан берилган кредит лимитларини нақдлаштиришни ваъда қилишган.
Гумонланувчиларлар ўзлари рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъекти орқали онлайн савдо платформаларида фаолият юритиб, 600 нафар фуқародан жами 1 миллиард 32 миллион сўм миқдоридаги маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Ҳозирда уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Фуқароларга етказилган моддий зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда. Дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, шу йилнинг ўтган 10 ойи давомида Тошкент вилоятида содир этилган жиноятларнинг 44 фоизи кибержиноятларга тўғри келгани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИИВ Киберхавфсизлик маркази энди ҳар йил якунида кибержиноятлар энг кўп содир этилаётган банклар ва тўлов ташкилотлари ҳақида очиқ статистика эълон қилиши ҳақида хабар берилганди.





