Logo

Инвестиция воситачилари учун янги лицензия тартиби жорий этилди

Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари учун лицензиялашнинг янги тартиби тасдиқланди. Янги низом устав капитали, ички назорат ва лицензия бериш муддатларига аниқ талабларни белгилайди.

Инвестиция воситачилари учун янги лицензия тартиби жорий этилди

Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчи сифатида фаолият юритувчи ташкилотларни лицензиялашнинг янги тартиби белгиланди. Адлия вазирлиги томонидан мазкур соҳани тартибга солувчи низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Янги ҳужжатга кўра, инвестиция воситачиси ҳамда инвестиция активларини ишончли бошқарувчи сифатида фаолият кўрсатиш учун юридик шахсларга чекланмаган муддатга лицензия берилади. Шу билан бирга, банклар ва суғурта ташкилотлари учун қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият юритишда алоҳида лицензия олиш талаби қўйилмайди.

Лицензия олишни истаган ташкилотлар қимматли қоғозлар бозорига оид қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Шунингдек, улар белгиланган минимал устав капиталига эга бўлиши лозим.

Устав капитали бўйича талаблар босқичма-босқич кучайтирилади. Хусусан:

— 2026 йил 1 июлдан бошлаб БҲМнинг 3 минг баравари;

— 2027 йил 1 июлдан 4 минг баравари;

— 2028 йил 1 июлдан эса 6 минг баравари миқдорида капитал шакллантирилиши талаб этилади.

Капитал талаблари оширилади


Низомда ички назорат тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир лицензия талабгорида ички назорат вазифаларини амалга оширувчи камида битта масъул ходим бўлиши шарт.

Мутахассислар фикрича, мазкур талаблар молия бозори иштирокчиларининг барқарорлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозордаги ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни бепул амалга оширилади. Яъни лицензияловчи орган томонидан аризаларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Электрон лицензия берилади

Лицензия бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор ариза қабул қилинган кундан бошлаб 20 иш куни ичида қабул қилинади.

Бериладиган лицензиялар электрон шаклда расмийлаштирилади ва уларга ҚР-код жойлаштирилади. Шунингдек, лицензиялар лицензияловчи орган — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Янги тартиб қимматли қоғозлар бозорида фаолият юритувчи компаниялар учун ягона ва шаффоф лицензиялаш механизмини шакллантиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш доирасида 40,5 млрд сўмлик бирламчи ипотека облигациялари эмиссияси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Инвестиция воситачилари учун янги лицензия тартиби жорий этилди | Vaqt.uz