
Инвесторлар фойдасига 13 млрд сўм ундирилди
2025 йилда акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга 78 та даъво киритилиб, барчаси инвесторлар фойдасига ҳал қилинди.

2025 йил бошидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) капитал бозоридаги иштирокчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаол ишлар олиб борди. Январдан бери агентликка 495 та мурожаат келиб тушди, шуларнинг 455 таси жисмоний, 40 таси юридик шахслардан бўлган. Улар асосан дивиденд тўловлари ва акциядорлар манфаатларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга тааллуқли.
Агентлик томонидан судларга 78 та даъво аризаси киритилиб, жами 13 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилди. Фақатгина дивидендлар бўйича ўзи 26 та иш кўриб чиқилиб, барчаси акциядорлар фойдасига ҳал этилган. Суд қарорлари ижроси ҳам тўлиқ таъминланган.
2024 йил билан солиштирганда, 2025 йилда даъво аризалари сони 20 тадан 78 тагача кўпайиб, 290 фоиз ўсиш қайд этилди. Ундирилган маблағ ҳажми эса 3,5 млрд сўмдан 13 млрд сўмгача кўтарилиб, 271 фоизлик ўсишни ташкил қилди. Бундай ўсиш агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва инвесторлар хабардорлиги ортаётганини кўрсатади.
Кўпчилик мурожаатларда дивидендлар эълон қилинган бўлса-да, тўланмагани, нотўғри ҳисоблангани, акциядорлар рўйхатига киритилмаганлик ва тўлов муддатларининг бузилиши каби ҳолатлар кузатилган. Барча шундай ишларда судлар акциядорлар манфаатларини қўллаб-қувватлади.
ИЛМА, зарурат туғилганда, инвесторларга судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам бермоқда. Ҳимоя тизимининг кучайиши капитал бозори барқарорлиги ва янги инвесторлар учун ишончли муҳит яратишда муҳим омил ҳисобланади. Бундай ёндашув эмитентлар учун ҳам сигнал бўлиб, акциядорлар ҳуқуқини бузиш оқибатсиз қолмаслигини кўрсатади.





