«Ипотека банк» Бошқарув раиси лавозимини тарк этмоқда

Бугун 11:542 дақиқа

2024 йилдан бери «Ипотека банк» OTP Group Бошқарув раиси сифатида ишлаб келган Сандро Ртвеладзе 1 июльдан ўз лавозимини тарк этади.

«Ипотека банк» Бошқарув раиси лавозимини тарк этмоқда

2026 йил 1 июльдан бошлаб Сандро Ртвеладзе «Ипотека банк» OTP Group Бошқарув раиси сифатида фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ртвеладзе «Ипотека банк» Бошқарув раиси сифатида 2024 йил июн ойидан бери ишлаб келаётган эди. У банк хусусийлаштирилгач икки йиллик трансформация жараёнида иштирок этди.

OTP Bank «Ипотека банк»нинг 75 фоизини 2023 йилда 243 млн долларга сотиб олганди. Ўшанда, банкнинг қолган 25 фоизи уч йил ичида бўлаб тўлаш орқали сотиб олиниши айтилганди.

«Сандро Ртвеладзе лавозимга тайинланган пайтда Ипотека банк асосан ипотека портфели улуши юқори бўлган давлат молия институти сифатида фаолият юритарди. Унинг раҳбарлиги даврида асосий жараёнлар реструктуризация қилинди, капитал мустаҳкамланди, активлар сифати яхшиланди ва банкнинг рентабеллиги тикланди», — дейилади банк хабарида.



Ртвеладзе бошчилигида «Ипотека банк» турли хил молиявий кўрсаткичларни қайд этди. 2025 йилнинг биринчи ярмига келиб банкнинг зарари қарийб 400 млрд сўмгача кўпайди.

Аммо, 2026 йилни банк сезиларли даражада юқори фойда билан бошлади. I чоракда соф фойда 579,2 млрд сўмни ташкил қилди. Бу Ўзбекистондаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.

Соф фойда кескин ўсиши қисман хусусийлаштиришдан кейин активлар сифати яхшиланиши ва муаммоли кредитлар бўйича кўрсаткичлар қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ.

Ипотека банк ОТП Груп Кузатув кенгаши раиси ва OTP Group бош директорининг ўринбосари Ласло Вольф ҳам Сандро Ртвеладзенининг лавозимини тарк этишига ўз муносабатини билдирди.

«Сандро атиги икки йил ичида Ипотека банкда кенг қамровли трансформацияни амалга ошириб, банк фаолиятини OTP Group стандартларига мувофиқлаштирди ва унинг янада ривожланиши учун кучли бошқарув жамоасини шакллантирди. Кузатув кенгаши ва OTP Group номидан унга етакчилиги, профессионаллиги ҳамда ўз ишига содиқлиги учун миннатдорчилик билдираман ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилайман», — дейди у.



Маълумот учун, Сандро Ртвеладзе «Ипотека банк»ка қадар 2020 йилда ҳам Ўзбекистонда ишлаганди. Бу вақтда у бир муддат бозорга энди кириб келган ТБC Банкнинг Кузатув кенгашини бошқарган.

Теглар

Мавзуга оид