
Иш ҳақи ва пенсиялар 2030 йилгача инфляциядан юқори оширилади
2030 йилгача иш ҳақи, пенсия ва нафақалар реал ўсишини таъминлаш учун улар инфляция даражасидан юқори суръатда кўтарилиши, Пенсия жамғармасига бюджетдан ажратиладиган маблағлар эса босқичма-босқич камайтирилиши режалаштирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йилга мўлжалланган бюджетномасига кўра, Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 2030 йилгача инфляция даражасидан юқори миқдорда ошириб борилади.
Маълумотларга кўра, бу сиёсат аҳолининг реал даромадларини кўтариш ва ижтимоий ҳимоя самарадорлигини таъминлашга қаратилган.
Ҳужжатда давлат пенсия тизмини ислоҳ қилиш орқали Пенсия жамғармасини маблағ билан таъминлашдаги давлат иштирокини қисқартириш режалаштирилмоқда. 2026 йил бошига Пенсия жамғармасининг қолдиғи 3,9 трлн сўм этиши, йиллик даромадлари 64,7 трлн сўмга, харажатлари эса 86,1 трлн сўмга етиши прогноз қилинган. Шу муносабат билан келаси йил бюджетдан 23 трлн сўмлик трансферт ажратиш белгиланган.
Вазирлик 2027 йилдан бошлаб бу миқдор камайишини прогноз қилмоқда: 2027 йилда трансфертлар 20 трлн сўмга, 2028 йилда эса 18 трлн сўмга тушиши прогноз қилинган. Бу орада жамғарманинг даромадлари 2027 йилда 75 трлн, 2028 йилда 87,8 трлн сўмгача ўсиши кутилмоқда. Харажатлар эса мос равишда 95,1 трлн ва 104,8 трлн сўмни ташкил этади.
Келаси уч йилда мамлакатда пенсионерлар сони 489 минг кишига ошиб, 4,76 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили пенсия ёшига етадиганлар сони 5,1 фоизга ўсади. Бу эса пенсия харажатларини янада кўпайтириши мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақининг ҳар 1 фоизга оширилиши бюджет харажатларини 1,67 трлн сўмга, пенсияларнинг шунчага оширилиши эса 861 млрд сўмга кўпайтиради. Ижтимоий нафақа олувчи оилалар сонининг 10 фоизга ортгани ҳам бюджет харажатларини қарийб 1,6 трлн сўмга ошириб юборади.
Сўнгги ўн йилликда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 баробар, харажатлари эса 5 баробар ошган. Трансфертлар ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда: 2022 йилда 11 трлн, 2023 йилда 15 трлн, 2030 йилда эса 38 трлн сўмгача етиши мумкин.
Маълумот учун, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига мамлакат бўйлаб жами 4 миллион 241,8 минг нафар фуқаро пенсия олиши қайд этилган. Улардан 3 миллион 514,1 минг нафари ёшга доир пенсия, 482,1 минг нафар киши ногиронлик пенсияси, 245,6 минг нафар оила эса боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олади.





