«Ишлаш ҳамма жойда қийин». Туркия элчиси Ўзбекистондаги турк фирмалари ҳақида

Кеча 15:352 дақиқа

Элчи Уфук Улуташ VAQT.UZ билан суҳбатда Ўзбекистондаги Туркия корхоналари лойиҳаларни белгиланган муддатдан ҳам тезроқ топшира олишини айтди.

«Ишлаш ҳамма жойда қийин». Туркия элчиси Ўзбекистондаги турк фирмалари ҳақида

Ўзбекистондаги турк фирмалари маълум маънода кадрлар етиштирадиган тизимга айланиб улгурган. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Уфук Улуташ кеча, 16-март куни VAQT.UZ билан суҳбатда сўз очди.

«Мен Ўзбекистон давлатининг турк ишбилармонларига нисбатан катта эътибори ва қизиқиши борлигини кўряпман. Чунки турк халқи бу ерда сезиларли қўшимча қиймат яратмоқда: улар нафақат таълим беради, балки ички бозорда фаол ишлайди, кўплаб ўзбек фуқароларини иш билан таъминлайди», – деди элчи.

Уфук Улуташ Ўзбекистондаги Туркия корхоналари лойиҳаларни белгиланган муддатдан ҳам тезроқ топшира олишини, анча мослашувчан ишлашини ва фикрлари ўзаро уйғунлашганини алоҳида қайд этди.

«Шу сабабли Ўзбекистон давлатининг турк халқига жиддий эътибор қаратаётгани табиийдек кўринади. Бу эътиборни бир туртки, бир имконият сифатида қабул қилган турк тадбиркорлари эса Ўзбекистонда жуда катта фаоллик кўрсатмоқда», – деди Уфук Улуташ.

«Иш осон бўлган жойнинг ўзи йўқ»

Элчи туркиялик тадбиркорлар учун Ўзбекистонда ишлаш қийинчиликлари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Ишлаш ҳамма жойда қийин. Иш осон бўлган жойнинг ўзи йўқ. Нисбатан айтадиган бўлсам, туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистонда фаолият юритаётганларидан мамнунлар. Бу эса мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини кўрсатади. Энг муҳими, турк тадбиркорлари Ўзбекистонни ўз ватанидан айро кўрмайди, уни қалбининг бир парчаси деб билади. Улар Ўзбекистонда чин кўнгилдан меҳнат қилишади ва Янги Ўзбекистоннинг бир бўлаги бўлишдан мамнун бўлишади. Айтганимдек, ҳар қандай иш осон эмас. Лекин агар инсон ўз лойиҳасига чин дилдан ишонса, унга қалбан яқинлик ҳис қилса, энг қийин иш ҳам осонлашади», – деди элчи.

Ўзбекистондаги Туркия бизнеслари

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йил 1-феврал ҳолатига Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги 18 513 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 4 282 таси қўшма корхоналар, 14 231 таси эса тўлиқ хорижий компаниялардир. Булар орасидан 502 таси Туркия билан қўшма корхона бўлса, 2 149 таси Туркия корхонасидир.

Ўтган йили Ўзбекистон ва Туркия орасидаги ўзаро савдо ҳажми 3 миллиард доллардан ошди, ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 10 миллиард долларни ташкил этди.

Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 100 га яқин авиақатнов амалга оширилмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида 9 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Теглар

Мавзуга оид