
Испанияга денгиз орқали бормоқчи бўлган минглаб муҳожирлар ҳалок бўлди
2025 йилда Испанияга денгиз орқали боришга уринаётган 3 мингдан ортиқ мигрант ҳалок бўлди

2025 йил давомида денгиз орқали Испания қирғоқларига етиб боришга уринаётган камида 3 090 нафар мигрант ҳалок бўлди. Бу ҳақда Caminando Fronteras нодавлат ташкилотининг «Яшаш ҳуқуқи мониторинги — 2025» номли ҳисоботида қайд этилган. Маълумотларга кўра, қурбонлар орасида 192 нафар аёл ва 437 нафар вояга етмаган бола бор.
Ҳисоботда келтирилишича, ўлим ҳолатлари сони 2024 йилга нисбатан анча камайган бўлса-да, денгиз орқали миграция хавфи сақланиб қолмоқда. Таққослаш учун, 2024 йилда ушбу йўналишларда 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Жорий йилда кўрсаткич пасайганига қарамасдан, муаммо долзарблигича қолмоқда.
Айниқса, Жазоир ва Балеар ороллари ўртасидаги денгиз йўли энг хавфли ҳудудлардан бири сифатида қайд этилган. 2025 йилда жами 303 та ҳалокатли ҳодиса рўй берган бўлиб, шулардан 121 таси Ибица ва Форментера ороллари атрофида содир бўлган.
Испания Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатга ноқонуний кириб келган мигрантлар сони 2024 йилга нисбатан 40,4 фоизга камайган. Канар оролларида эса бу кўрсаткич 59,9 фоизни ташкил этган. Бироқ айнан Канар ороллари йўналишида 1 906 нафар инсон ҳалок бўлгани ушбу масканнинг ҳануз энг хавфли йўллардан бири эканини кўрсатади.
Шунингдек, экспертлар Ғарбий Африка, хусусан Гвинеядан очилаётган янги денгиз йўналишлари бўйича хавотир билдирмоқда.
«Қутқарув механизмларининг етарли даражада ишламаслиги ҳамда чегара назоратининг учинчи давлатларга топширилиши миграция йўлидаги одамларнинг ҳимоясизлигини янада оширмоқда», деди Тадқиқот координатори Ҳелена Малено.





