add

«Истеъмолчи мурожаати» электрон тизими ишга туширилди

01.12.2025 | 11:294691 дақиқа

Истеъмолчилар энди мурожаатларини онлайн юбориб, уларнинг кўриб чиқилиши ва натижасини реал вақтда кузатиши мумкин бўлади.

«Истеъмолчи мурожаати» электрон тизими ишга туширилди

Ўзбекистонда 1 декабрдан «Истеъмолчи мурожаати» электрон тизими жорий этилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Лойиҳа Президентнинг «Ўзбекистон–2030» стратегиясини амалга оширишга қаратилган давлат дастури доирасида Рақобат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган. Янги платформа истеъмолчиларга ўз мурожаатларини дақиқалар ичида онлайн юбориш, уларнинг қай тарзда кўриб чиқилаётганини кузатиш ва якуний қарор билан танишиш имконини беради.

Платформага бир қатор вазирлик ва идоралар интеграция қилинган. Истеъмолчи мурожаатларини веб-сайт ёки мобил илова орқали юборганда, мурожаат тадбиркорга йўналтирилади ва тадбиркор уни кўриб чиқиб, истеъмолчи билан боғланади. Тадбиркор муаммо ижобий ёки салбий ҳал қилинганлиги натижасини тизимга юборади. Агар тадбиркор белгиланган тартибда жавоб бермаса, мурожаат автоматик равишда тегишли вазирлик ва идораларга юборилади.

Тизим жисмоний ва юридик шахслар учун бирдек мўлжалланган бўлиб, мурожаатларни қабул қилиш ва қайта ишлаш жараёнини шаффофлаштиришни мақсад қилади. Мурожаатлар махсус «Fair tech» ахборот тизими орқали қабул қилинади. Шунингдек, фойдаланувчилар «Play Market» ва «App Store»даги мобил иловалар орқали ҳам мурожаат юбориши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси ресторан ва кафеларни огоҳлантирганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид