IT Park Uzbekistan бош директори ўзгарди

Бугун 14:022 дақиқа

Аввалги бош директор Абдулаҳад Қўчқоров эса хорижда таҳсил олиш мақсадида лавозимини тарк этмоқда.

IT Park Uzbekistan бош директори ўзгарди

Азамат Караматов IT Park Uzbekistan компаниясининг янги бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда технопарк матбуот хизмати маълум қилди. У мазкур лавозимда бир йилдан ортиқ фаолият юритган Абдулаҳад Қўчқоров ўрнини эгаллади.

Азамат Караматов янги лавозимида мамлакат IT соҳасини стратегик ривожлантириш, стартап ва венчур экотизимини қўллаб-қувватлаш, IT Park Uzbekistan резидентлари фаолиятини кенгайтириш, IT хизматлари ва маҳсулотлари экспортини ошириш ҳамда халқаро технология компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш учун масъул бўлади.

Шунингдек, у IT Park Uzbekistan самарадорлигини ошириш, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва рақамли иқтисодиёт ташаббусларини мувофиқлаштиради.

Азамат Караматов 2007–2013 йилларда Тошкент ахборот технологиялари университетида бакалавр ва магистр даражаларини олган. 2016–2018 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган.

У касбий фаолияти давомида рақамли технологиялар соҳасида турли лавозимларда, жумладан, Aloqa Ventures венчур фонди бош директорининг ўринбосари, Uzcard тўлов тизимида бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. Бундан ташқари, Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Ўзбектелеком» компаниясида турли лавозимларда фаолият юритган.

Азамат Караматов универсал QR-сервиси Rahmat, Jett.uz сервиси, Semurg VC венчур фонди ва Multicard Payment тўлов ташкилотининг ҳаммуассисларидан бири ҳисобланади.

Янги лавозимидан олдин у IT Park Uzbekistan'да IT Park Ventures МЧЖ бош директори бўлиб ишлаган. Унинг раҳбарлигида фонд минтақадаги йирик стартап портфелларидан бири шакллантирилиб, халқаро ҳамкорлар билан қўшма венчур фондларини ташкил этиш, стартапларни глобал бозорларга олиб чиқиш ва инновацион экотизимни ривожлантиришга қаратилган дастурлар амалга оширилган.

Шунингдек, IT Park Uzbekistan компаниясининг янгиланган бошқарув жамоаси ҳам тақдим этилди: 

Бош директорнинг биринчи ўринбосари – Жахонгир Ихтиёр ўғли Ражабов; 

Аҳоли билан алоқалар бўлими директори – Худаев Лазизбек Иброхимович; 

Стратегик ривожланиш директори – Махлиёхон Азизжон қизи Муксинова; 

Инклюзив ривожланиш директори – Дилафруз Абдулла қизи Миралимова; 

Ҳудудларни ривожлантириш бўйича директор – Абдуллаэв Аъзам Абдушукурович. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда стартапларга сармоя 5 баробар ошганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

IT Park Uzbekistan бош директори ўзгарди | Vaqt.uz