
Италия аёлларни қасддан ўлдиришни алоҳида жиноят сифатида тан олди
Италия парламенти аёлларни нафрат асосида қасддан ўлдириш — фемицидни алоҳида жиноят деб тан олди ва бундай жиноят учун умрбод қамоқ жазосини белгилади.

Италия парламенти фемицид — гендер сабабларга кўра аёлни қасддан ўлдиришни — Жиноят кодексига алоҳида модда сифатида киритди. Янги қонун тасдиқланиши орқали бундай жиноятлар учун максимал жазо сифатида умрбод қамоқ жорий этилди. Қонун қабул қилиниши мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш борасида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Фемицид масаласи Италияда бир неча йиллардан бери муҳокама қилинаётган эди, аммо 2023 йилда Жулия Чекеттиннинг собиқ севгилиси томонидан шафқатсизлик билан ўлдирилиши кенг жамоатчиликни ларзага келтирди. 22 ёшли қиз пичоқлаб ўлдирилган, жасади эса сумкага солиниб ташлаб юборилган. Бу фожиа мамлакат бўйлаб минглаб инсонларни ўзгариш талаб қилишга ундади.
«Фемицид таснифланади, реал контекстда ўрганилади ва мавжуд бўлади. Бундай жиноятларни телба муҳаббат ёки кучли рашк туфайли содир этилган деб тасвирлаш нотўғри, чунки бу романтик ва маданий жиҳатдан қабул қилинган иборалардан фойдаланиш орқали ҳодисанинг асл моҳиятини бузиб кўрсатишдир», — дея янги қонуннинг аҳамиятини тушунтирди унинг муаллифларидан бири, судя Паола ди Никола.
Италия полицияси маълумотларига кўра, 2024 йилда Италияда аёлларни ўлдириш билан боғлиқ 116 та ҳолат қайд этилган, шуларнинг 106 таси айнан гендер сабаблари билан содир этилган.
BBC ёзишича, Италия фемицидни ҳуқуқий жиҳатдан Жиноят кодексида махсус таърифлаган Европа Иттифоқидаги тўртинчи мамлакатга айланди. Бундан аввал Кипр, Малта ва Хорватия шундай қадамни қўйган эди.
БМТнинг 2025 йилги ҳисоботига кўра, 2024 йилда дунё бўйлаб 83 минг аёл ва қиз қасддан ўлдирилган. Уларнинг 60 фоизи, яъни 50 мингга яқини ўз турмуш ўртоғи ёки яқин қариндошлари қурбони бўлган. Эркаклар ўлдирилишида эса бу улуш 11 фоизни ташкил этган.





