add

Италияда «инсон ови» жинояти бўйича тергов бошланди

Бугун 15:453712

Босния уруши даврида сареволик аҳолини пул эвазига отган италияликлар устидан Милан прокуратураси 30 йил ўтгач жиноят иши қўзғатди.

Италияда «инсон ови» жинояти бўйича тергов бошланди

Милан прокуратураси Босния урушида содир этилган энг даҳшатли жиноятлардан бири бўйича расмий тергов бошлади. Гап 1992–1996 йилларда Сараевода ўтказилган, пулдор сайёҳлар учун «инсон ови» деб аталган фожеали ҳодисалар ҳақида кетмоқда, деб ёзмоқда Туркиянинг patronlardunyasi.com нашри.

Терговчиларга кўра, айрим италияликлар Сербия милициясига 70–88 минг фунт атрофида пул тўлаб, шаҳарга «ҳафталик ялпи тўппонча сафариси»га келган, тоғлардаги позициялардан оддий аҳолини нишонга олган. Болаларни ўлдириш учун алоҳида ҳақ тўлангани ҳақидаги гувоҳликлар ишнинг жиддийлигини янада оширди.

Бу фаолият ҳақида биринчи жиддий сигнал 2022 йилда словениялик режиссёр Миран Зупанич суратга олган «Sarajevo Safari» ҳужжатли филмида пайдо бўлган. Филмда собиқ жангчилар, маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва қурбонлар қариндошлари шафқатсиз сафарлар ҳақида сўзлаб берган. Ана шу материаллар миланлик журналист Эцио Гаваццени, собиқ судя Гвидо Салвини ва Сараево собиқ мэри Бенямина Карични 17 бетлик расмий ариза тайёрлашга ундади.

Терговни бошлаган прокурор Алессандро Гобби қўлида бир қатор гувоҳлар бор. Улар орасида босниялик хавфсизлик ходими ва словениялик расмий ҳам борлиги айтилмоқда. Айрим манбалар, ҳатто, 1993 йилда Италия махсус хизмати ушбу жиноятлардан хабардор бўлгани ва тегишли материаллар ҳали ҳам махфийлигича қолганини иддао қилмоқда.

Маълумотларга кўра, «инсон ови»да 100 нафаргача сайёҳ қатнашган бўлиши мумкин. Улар Триестеден Белградга Aviogenex авиакомпанияси орқали учиб келган, кейин эса Радован Каражич қўшинлари томонидан шаҳар атрофидаги тепаликларга олиб чиқилган. Сараеводаги машҳур «Sniper Alley» худудида тинч аҳоли «спорт учун нишон»га айлантирилган.

Босния томони терговга тўлиқ кўмак беришини билдирди. Сараево консулхонаси бу иш ўтмиш билан ҳисоб-китоб қилиш учун муҳим қадам эканини қайд этди. 1992–1996 йилларда давом этган Сараево қирғинида 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлгани эслатиб ўтилди.

Теглар

Мавзуга оид

Италияда «инсон ови» жинояти бўйича тергов бошланди | Vaqt.uz