Жаҳон нефт захиралари рекорд суръатларда қисқармоқда

Бугун 17:542 дақиқа

«S&P Global» ва «Goldman Sachs» таҳлилчилари баҳосига кўра, апрел ойида жаҳон нефт захиралари рекорд даражада – 200 млн баррелга камайган. Бу эса АҚШнинг Эронга қарши уруши ортидан хомашё нархлари ошиши ва талаб пасайишига қарамай содир бўлган.

Жаҳон нефт захиралари рекорд суръатларда қисқармоқда © Foto: Al Araby

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши сабаб, жаҳон нефт захиралари апрел ойи якунларига кўра рекорд даражада – 200 млн баррелга қисқарди. Бу ҳақда «S&P Global» ва «Goldman Sachs» таҳлилчилари маълумотларига таяниб, «Financial Times» хабар берди.

«S&P» ҳисоб-китобларига кўра, ўтган ойда нефт захиралари суткасига 6,6 млн баррелга камайган. Бу талаб пасайганига қарамай содир бўлган. Шу билан бирга, нефтга бўлган глобал талаб суткасига 5 млн баррелга тушиб кетган – бу кузатувлар тарихидаги иккинчи энг катта пасайиш ҳисобланади. Бундан каттароқ тушиш фақат коронавирус пандемияси даврида кузатилган.

«Goldman Sachs» таҳлилчилари ҳам бу баҳога қўшилмоқда. Уларга кўра, жаҳон нефт захиралари сўнгги саккиз йилдаги энг паст даражага яқинлашмоқда.

«Argus» маълумотларига кўра, Шимолий Европада авиация ёқилғиси захиралари апрел ойида сўнгги олти йилдаги энг паст кўрсаткичга тушган. Ҳозирча асосий таъсирни асосан Осиё давлатлари ҳис қилмоқда. Бироқ АҚШsда ҳам ёзги таътиллар мавсумида бензин захиралари тарихий минимум даражага етиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Эксперт: нефт нархларининг асосий ўсиши ҳали олдинда

«Financial Times» хабар беришича, Яқин Шарқдаги уруш ва Ҳўрмуз бўғози блокадаси сабаб жаҳон нефт бозорига аллақачон 1 млрд баррел нефт етказиб берилмай қолган. Трейдерлар дунё нефт захиралари танқидий чегарага яқинлашаётганини айтмоқда. Уларнинг фикрича, бу ҳолат бир неча ҳафта ичида юзага келиши мумкин.

«S&P Global»нинг нефт бозори тадқиқотлари раҳбари Жим Бурхарднинг таъкидлашича, бу жуда катта ҳажм бўлиб, одатий диапазондан анча юқори.

«Бозор ҳозирча захиралар қисқаришининг рекорд суръатларига тўлиқ реакция билдирмади. Шунинг учун нефт нархларининг ўсиши ҳали олдинда», – деди у.

«Financial Times» изоҳига кўра, жаҳон нефт захиралари умумий ҳисобда тахминан 4 млрд баррелни ташкил этади. Бироқ бу ҳажмнинг катта қисми нефтни қайта ишлаш заводлари ва қувур тизимларининг кундалик фаолиятини таъминлаш учун доимий равишда ишлатиб турилади.

Теглар

Мавзуга оид