
Жаҳонда янги долларлар муомалага киритилмоқда: у полимердан ясалган
Фижи президенти мамлакат миллий валютасининг янги дизайнини расман тақдим этди, янги полимер долларлар 2026 йил 2 январдан муомалага киритилиши маълум қилинди.

Доллар одатда АҚШ валютаси сифатида қабул қилинса-да, дунёда бир нечта давлатлар ҳам ўз миллий пул бирлигини «доллар» деб атайди. Ана шундай мамлакатлардан бири — Жанубий Ғарбий Тинч океанида жойлашган Фижи Республикаси. Мазкур орол давлати яқинда ўз банкноталарининг тубдан янгиланган сериясини намойиш қилди.
Расмий маросим пойтахт Сува шаҳрида Фиджи президенти ва ҳукумат аъзолари иштирокида ўтди. The Fiji Times нашри ёзишича, янги серия 5, 10, 20, 50 ва 100 фижи доллари номиналларини ўз ичига олади. Янги банкноталарнинг дизайни мамлакатнинг табиий, маданий ва тарихий меросини акс эттиришга қаратилган.
Шунингдек, банкноталарда денгиз тошбақалари, мангр ўрмонлари, маҳаллий жамоа вакиллари портретлари ҳамда Фижининг рамзий иншоотлари тасвирланган. Дизайн янгиланиши билан бирга, купюралар замонавий ҳимоя элементлари билан мустаҳкамланган. Бу эса пулларни қалбакилаштириш муаммосининг олдини олишга хизмат қилади.
Фижи Марказий банкининг маълумотича, янги полимер банкноталар илк бор 2026 йил 2 январда муомалага чиқади. Полимер асосдаги купюралар анъанавий қоғоз банкноталарга нисбатан чидамлироқ бўлиб, намлик ва юқори ҳарорат шароитида ҳам яхшироқ сақланади.
Эски пуллар эса босқичма-босқич муомаладан чиқарилади. Регуляторнинг тахминига кўра, 2026 йил охирига келиб Фижининг мавжуд банкноталар серияси тўлиқ янгилари билан алмашади. Мамлакат аҳолиси — тахминан 940 минг киши асосан иккита йирик оролда, Вити-Леву ва Вануа-Левуда яшайди.
Дарвоқе, 1 Фижи доллари курси 5311 сўмга тенг.





