
Жамоат жойларида фуқароларнинг шахсини аниқлаш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарорига кўра, патрул-пост хизмати ходимининг фуқароларга уни нега тўхтатганлиги ва шахсини аниқлаш сабаблари ҳамда асослари бўйича тушунтириш бериш мажбурияти бўлади.

1 декабрда 754-сонли Ҳукумат қарори билан «Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Ушбу низом ички ишлар органлари патрул-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларнинг шахсини электрон техник воситалар, шу жумладан, планшет орқали аниқлаш тартибини белгилайди.
Унга кўра, ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқароларни тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки «Е-патрул» тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:
шахс жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилиш учун асослар мавжуд бўлганда;
шахсни содир этилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлганда;
қонунга мувофиқ шахсни ушлаб туриш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлганда.
Шунингдек, ходим шахсга уни тўхтатганлик ҳамда ундан шахсини аниқлаш талаб этилаётгани сабаблари ва асосларини тушунтириб бериши шарт. Фуқароларнинг шахсига доир маълумотлари планшет орқали «Е-патрул» тизимига тўғри киритилишига патрул-пост хизмати ходими масъул ҳисобланади.
Ходим «Е-патрул» тизимидаги шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этилмаслиги ҳамда ушбу маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланилмаслик учун жавобгардир.





