add

Жамшид Қўчқоров: «Кўп йиллар бюджетни профицит билан бажарганмиз, бу яхши эмас»

03.12.2025 | 15:403062 дақиқа

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган йиғилишда Жамшид Қўчқоров бюджет тақчиллиги оптимал ҳисобланиши, нега олдин профицит бўлгани ва 2026 йилги режалар ҳақида маълумот берди.

Жамшид Қўчқоров: «Кўп йиллар бюджетни профицит билан бажарганмиз, бу яхши эмас»

Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2023 йилда бюджет тақчиллиги кўрсаткичи ЯИМга нисбатан 5 фоизни ташкил этгани, 2026 йилда эса 59 трлн сўмлик тақчиллик 3 фоиз даражада бўлиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, номинал ўсиш реал вазиятни акс эттирмайди, муҳим мезон — ЯИМга нисбатдаги улушдир.

Вазирнинг айтишича, аввалги йилларда бюджетнинг профицит билан бажарилиши ислоҳотлар етишмаслиги туфайли мамлакат ташқи қарз олиш имкониятига эга эмаслиги билан боғлиқ бўлган.

«Биз кўп йиллар бюджетни профицит билан бажарганмиз. У зўрмиди? Соҳада узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган одам сифатида «йўқ», деб жавоб беришга мажбурман. Чунки ўша пайтлар бюджет профицит билан бажарилганининг сабаби шуки, ўша бюджет тақчиллигини молиялаштиришга бизга ҳеч ким кредит бермаган».

Қўчқоровга кўра, катта тақчиллик юки мамлакат учун хавфли, бу борада Халқаро валюта жамғармаси ҳам 3 фоиз даражани энг мақбул чегара сифатида белгилаган. Бу кўрсаткич давлат қарзи ортишини мўтадиллаштириб, дефолт ёки банкротлик каби хавфларга йўл қўймайди. Шунингдек, мазкур даражадаги тақчиллик иқтисодиётни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Унинг таъкидлашича, бюджет тақчиллиги ўз вазифасини фақат иқтисодий ўсиш шароитида бажаради.

«Тақчиллик қўшимча пул олиб, иқтисодиётни рағбатлантириш дегани. Фискал рағбатлантириш. Агар биз қарз олсак-да, уни иқтисодиётга чиқарсак ва иқтисодиёт ўсмаса — бу нотўғри. Худога шукр, биз ҳар йили юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришяпмиз, бу йил 7 фоиздан кам бўлмайди деяпмиз, лекин ХВЖ Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 7,3 фоиз бўлади, деб айтяпти».

Теглар

Мавзуга оид