Logo

Жарима ёзадиган инспекторлар, «свет»сиз қолган «Бунёдкор» ва 6 ойда қамалган 11 минг киши — 7 сентябр дайжести

Кеча 23:003 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Жарима ёзадиган инспекторлар, «свет»сиз қолган «Бунёдкор» ва 6 ойда қамалган 11 минг киши — 7 сентябр дайжести

Ўзбекистонда олти ойда 11 703 киши озодликдан маҳрум қилинди

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинганлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга (2 133 нафарга) ошиб, жами 11 703 нафарни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (2 030 нафар), Фарғона (1 462 нафар) ва Тошкент (1 452 нафар) вилоятларида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистонга (317 нафар) тўғри келди.

Қамоқ жазосини олганларнинг энг катта қисми – 5 788 нафари гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган бўлиб, қолган ўринларда безорилик (1 789 нафар), қасддан баданга шикаст етказиш (1 376 нафар) ҳамда қотиллик (179 нафар) жиноятлари қайд этилган.

Собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов янги лавозимга тайинланди

2017 йилдан 2025 йилнинг мартига қадар Ўзбекистон ички ишлар вазири, сўнгра Президент администрациясида кадрлар сиёсати бўйича турли лавозимларда фаолият юритган Пўлат Бобожонов Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Бошқа ишга ўтиши муносабати билан у Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Профилактика инспекторларига йўл қоидаси учун жарима қўллаш ваколати берилди

4 сентябр куни қабул қилинган президент қарорига асосан, профилактика инспекторларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга биринчи марта содир этилган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича огоҳлантириш бериш ҳамда маҳалла кўчаларида йўл ҳаракати қоидаларининг 4 турдаги бузилиши бўйича жарима қўллаш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, улар туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбарияти ваколатидаги 9 турдаги маъмурий ишларни кўриб чиқиши ва жазо белгилаши мумкин. Бундан ташқари, инспекторларга хизмат вазифасига кирмайдиган қўшимча топшириқлар бериш қатъиян тақиқланади ва уларнинг ишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Президент суюлтирилган газ таъминотидаги узилишларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан танишди. Ҳозирда газ етказиб беришдаги узилишлар (истеъмолчиларнинг 22 фоизи 46 кундан ортиқ кутмоқда) ва имтиёзли нархлар ҳамда реал харажатлар ўртасидаги тафовут туфайли тизимни янгилаш зарурати юзага келган.

Шу мақсадда «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида газни биржа орқали харид қилиб, истеъмолчиларга етказувчи «ЛПГ-Траде» корхонасини ташкил этиш ҳамда умумий субсидиялашдан воз кечиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига харид қилинган газнинг ҳар бир килограмми учун манзилли компенсация тўлаш тизимига ўтиш режалаштирилмоқда.

«Бунёдкор» стадионига электр узатиш тўхтатилди

4 сентябр куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадиони қарздорлик сабабли электр таъминотидан тўлиқ узиб қўйилди. Оқибатда офиси мазкур аренада жойлашган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) вақтинча масофадан ишлаш режимига ўтишга мажбур бўлди.

Мазкур ҳолат Суперлига ва Пролига учрашувларининг трансляция жараёни ва интернет орқали узатилишида сифатнинг пасайишига олиб келмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Жарима ёзадиган инспекторлар, «свет»сиз қолган «Бунёдкор» ва 6 ойда қамалган 11 минг киши — 7 сентябр дайжести | Vaqt.uz