Жавоҳир Синдоровга мукофотни шахсан Президентнинг ўзи топширди

«Мана шундай ўзбек ўғлонини тарбиялаб, вояга етказган бобонг ва бувингга, ота-онангга, устоз ва мураббийларингга яна бир бор ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман», - деди давлат раҳбари.

Жавоҳир Синдоровга мукофотни шахсан Президентнинг ўзи топширди © Foto: president.uz

Бугун, 17 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоровни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон шахмати тарихида биринчи маротаба Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирида ғалаба қозониб, том маънода тарихий натижага эришди. Тадбирда Жавоҳир Синдоров мусобақа давомида дунёнинг энг кучли гроссмейстерларига қарши юксак маҳорат ва катта жасорат билан кураш олиб боргани, ҳар бир баҳсда қатъият, кучли ирода ва интеллектуал устунлигини намоён этгани қайд этилди.

«Айниқса, бир марта ҳам мағлубиятга учрамай, 14 та партияда 10 очко тўплагани, натижада очколар ва ғалабалар сони бўйича рекордлар ўрнатгани шахмат оламида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодисадир», - дейилади хабарда.

Президент маросимда сўзга чиқиб, Жавоҳир Синдоровни мазкур тарихий зафар билан яна бир бор самимий қутлади. Бу бутун халқнинг, Янги Ўзбекистоннинг ғалабаси эканини таъкидлади.

«Албатта, ҳеч бир натижа ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг замирида узоқ йиллик тинимсиз меҳнат, болаликдан орттирилган тажриба, қатъий ирода, темир интизом, ва, албатта, устоз ва мураббийларнинг сабоғи, ота-она, бобо ва бувижонларнинг дуоси мужассам. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай ўзбек ўғлонини тарбиялаб, вояга етказган бобонг ва бувингга, ота-онангга, устоз ва мураббийларингга яна бир бор ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман», деди давлат раҳбари.

Шунингдек, тадбирда Жавоҳир Синдоров турнир давомида шахмат тахтаси устида ўзбек халқига хос бўлган мустаҳкам ирода, ўзига ишонч, чуқур тафаккур ва сабр-бардошни намоён этгани қайд этилди. Айниқса, Ҳиндистон, АҚШ, Хитой, Нидерландия, Германия ва Россия вакиллари бўлган супер гроссмейстерларга қарши босиқлик ва мардонаворлик билан кураш олиб боргани алоҳида эътироф этилди.

Давлат раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг бу юксак ютуғи мамлакатда спортга, жумладан, шахматни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалий самараси эканини таъкидлади.

«Бугун Янги Ўзбекистонда ана шундай ғолиб, мард ва матонатли ёшлар камол топаётгани барчамизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди. Шу маънода, бугун FIDE рейтингидаги энг кучли беш шахматчидан икки нафари ўзбек ўғлони экани миллий шахмат мактабимизнинг салоҳияти ва нуфузи тобора юксалаётганидан далолат беради. Буларнинг барчаси минглаб истеъдодли ёшларимиз, умидли шахматчиларимиз учун катта мотиавция бўлиши таъкидланди», - дейилади хабарда.

Маросимда Жавоҳир Синдоров олдида турган навбатдаги юксак марралар ҳақида ҳам сўз юритилган. Унинг жаҳон шахмат тожи учун бўладиган ҳал қилувчи беллашувда муносиб иштирок этишига, ўзбек шахмат мактабининг салоҳияти ва шон-шуҳратини яна бир бор бутун дунёга намоён этишига ишонч билдирилган. Шунингдек, бу йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам халқ ғалаба кутаётгани таъкидланган.

Тадбирда мамлакатда шахматни кенг оммалаштириш, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу спорт турини тарғиб этиш, навқирон авлод қалбида миллий ғурур, ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш борасидаги катта хизматлари, шунингдек, Кипрда ўтказилган FIDE Номзодлар турнирида рекорд натижалар кўрсатиб, муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритгани учун Жавоҳир Синдоров “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлангани тўғрисидаги Президент фармони ўқиб эшиттирилган.

Давлат раҳбари ушбу юксак мукофотни тантанали равишда топширган.

Гроссмейстер ёшларга, спорт ривожига қаратилаётган доимий эътибор ва яратилаётган кенг шароитлар, кўрсатилган юксак ишонч ҳамда эътироф учун Президентга чуқур миннатдорлик билдирган.

Теглар

Мавзуга оид