Logo

Жазирамада иш берувчиларга ходимларни очиқ ҳавода ишлатмаслик тавсия этилди

Бугун 12:552 дақиқа

Меҳнат инспекцияси кучли иссиқ шароитида иш берувчилар бажариши шарт бўлган меҳнат хавфсизлиги талабларини эълон қилди. Уларга риоя этмаслик қонуний жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Жазирамада иш берувчиларга ходимларни очиқ ҳавода ишлатмаслик тавсия этилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Давлат меҳнат инспекцияси Ўзбекистонда кузатилаётган кескин иссиқ ва жазирама муносабати билан иш берувчиларга очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича қатор тавсиялар берди.

Инспекция таъкидлашича, юқори ҳарорат шароитида очиқ ҳавода ишлайдиган ходимлар иссиқ уриши, сувсизланиш, ҳушдан кетиш ҳамда юрак-қон томир касалликлари хавфига кўпроқ дуч келади. Шу боис иш берувчилар зудлик билан профилактик чораларни кўриши лозим.

Хусусан, корхона ва ташкилотларга куннинг энг иссиқ қисмида ташқи ишларни чеклаш ҳамда ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш юклатилган.

Меҳнат инспекциясига кўра, иш берувчилар соат 11:00 дан 16:00 гача ташқи ишларни қисқартириши ёки тўлиқ тўхтатиши, шу вақтда оғир жисмоний меҳнатни чеклаши лозим.

Шунингдек, ходимлар доимий равишда тоза ичимлик суви, сояли ёки совутиладиган дам олиш жойлари билан таъминланиши, уларга енгил, ҳаво ўтказувчи ва иссиқдан ҳимоя қилувчи махсус кийимлар берилиши шарт.

Бундан ташқари, иссиқ шароитида ишлайдиган ходимлар белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтган бўлиши керак.

Инспекция ишчиларга иссиқ уриши ва сувсизланиш белгилари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби бўйича тушунтириш ишларини мунтазам ўтказиш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Шунингдек, соғлиғи ёмонлашган ходим зудлик билан салқин жойга олиб ўтилиши, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши ва зарур ҳолларда шифокор чақирилиши лозим.

Меҳнат инспекцияси ушбу талабларга амал қилиш тавсия эмас, балки иш берувчининг қонуний мажбурияти эканини эслатди. Зарур чораларни кўрмаслик ходимлар ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдириши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Жазирамада иш берувчиларга ходимларни очиқ ҳавода ишлатмаслик тавсия этилди | Vaqt.uz