ЖЧ-2026 реклама бозорига 10,5 млрд доллар олиб келади

Бугун 17:361 дақиқа

Турнир глобал аудиторияни кенгайтирса-да, реклама бозорига таъсири аввалги чемпионатларга нисбатан камайиши кутилмоқда.

ЖЧ-2026 реклама бозорига 10,5 млрд доллар олиб келади

2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган футбол бўйича FIFA Жаҳон чемпионати жаҳон реклама саноатига тахминан $10,5 млрд қўшимча даромад келтириши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2022 йил Қатар чемпионатига нисбатан 1,1 фоизга юқори бўлса-да, умумий таъсир динамикаси пасайиб бораётганини кўрсатади.

Маълумотларга кўра, турнир рекорд даражадаги глобал аудиторияни жалб қилиши ва жаҳон ялпи ички маҳсулотини 40,9 млрд долларга ошириши мумкин. Шунга қарамай, бу каби йирик спорт тадбирларининг реклама бозорига бевосита таъсири аввалгидек кучли эмас.

WARC Global Ad Trends ҳисоботига кўра, 2026-йилги чемпионатнинг реклама харажатларига таъсири аввалги мусобақаларга нисбатан камтар бўлади. Масалан, 2018 йил Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати реклама харажатларининг 12,6 млрд долларга ўсишига сабаб бўлган.

Бу ўзгаришлар медиа истеъмолидаги трансформация билан боғлиқ. Бугунги мухлислар ўйинларни фақат телевизор орқали кузатиб қолмай, балки рақамли платформаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Масалан, TikTok FIFA'нинг расмий ҳамкори сифатида эксклюзив контент тақдим этса, YouTube турли трансляцияларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, Netflix ва Amazon Prime каби стриминг хизматлари ҳам мусобақага оид контентга сармоя киритмоқда. Бу ҳолат брендларнинг анъанавий реклама ёндашувларини қайта кўриб чиқишига олиб келмоқда.

Натижада, компаниялар оддий ҳомийлик пакетларидан кўра, реал вақтдаги рақамли мулоқот ва маданий жараёнларга интеграциялашган маркетинг стратегияларини танламоқда.

Теглар

Мавзуга оид