ЖЧ-2026 тарихдаги энг «ақлли» тўп билан ўтказилади

Бугун 08:002 дақиқа

Турнирнинг расмий тўпига оғирлиги атиги 14 грамм бўлган махсус датчик жойлаштирилди.

ЖЧ-2026 тарихдаги энг «ақлли» тўп билан ўтказилади

2026 йилги АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида сунъий интеллект элементларига эга «ақлли» тўп тўлиқ ҳажмда жорий этилади.

Турнирнинг расмий тўпи — «Trionda»га ўрнатилган «Connected Ball Technology» технологияси ҳакамлик қарорларининг аниқлигини оширишга хизмат қилади.

Тўп ичига оғирлиги атиги 14 грамм бўлган махсус датчик жойлаштирилган. У тўп ҳаракати ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида йиғиб, ҳар бир тегиниш ва ҳаракатни сониясига 500 марта қайд этади.

Тизим тўпнинг парвоз тезлиги, ҳаракат траекторияси, айланиши ҳамда ўйинчи тўпга тегинган аниқ вақтни кузатиб боради. Бу маълумотлар майдон атрофида ўрнатилган юқори тезликдаги камералар ахбороти билан бирлаштирилади.

VAR янада аниқ ишлайди

Йиғилган маълумотлар сунъий интеллект алгоритмлари орқали қайта ишланиб, майдондаги вазиятнинг уч ўлчамли модели яратилади.

Шундан кейин маълумотлар ҳакамлар бригадаси ва VAR тизимига узатилади. Технологиянинг асосий вазифаси офсайд ҳолатларини максимал даражада аниқ белгилаш ҳисобланади.

Датчик тўп узатилган лаҳзани сониянинг юздан бир улушигача бўлган аниқликда белгилайди. Камералар эса шу вақтнинг ўзида футболчиларнинг жойлашувини қайд этади. Бу баҳсли қарорлар сонини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.

Қатар тажрибаси такомиллаштирилди

Янги технология нафақат офсайдлар, балки қўл билан ўйнаш ҳолатлари, дарвоза чизиғидаги баҳсли эпизодлар ва видео кўриб чиқиш талаб этиладиган вазиятларни таҳлил қилишда ҳам ёрдам беради.

Шунга ўхшаш тизим 2022 йил Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги «Al Rihla» тўпида ҳам қўлланган эди. Бироқ 2026 йилги мусобақа учун технология янада такомиллаштирилди.

Муҳандислар датчикни махсус бўлмага жойлаштириб, тўпнинг мувозанатини сақлаш учун қарши оғирлик тизимини ҳам қўшган.

Теглар

Мавзуга оид