
ЖЧ-2026да Ўзбекистон ўйинлари учун чипталар нархи маълум қилинди
ФИФА 11 декабрдан бошлаб жаҳон чемпионати ўйин чипталари эгаларини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тасодифий танлов босқичи учун аризалар қабул қилишни жараёнини бошлади.

Ўзбекистон миллий жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи ўйинлари учун чипталар нархи эълон қилинди. ФИФА 11 декабрдан бошлаб чипта эгалари тасодифий танлов орқали аниқланадиган махсус ариза қабул қилиш жараёнини ишга туширди.
Ўзбекистон миллий жамоаси мухлислари ҳам ташкилотнинг расмий сайтига кириб, ариза топширишда «Мy team Uzbekistan» бандини танлаш орқали жамоага ажратилган секторлар учун сўров юбориши керак. Танловда ғолиб бўлган ариза эгалари келаси йил феврал ойида эълон қилинади, тўлов эса кўрсатилган карта маълумотлари асосида автоматик амалга оширилади.
Аризаларни топшириш муддати 12 декабрдан 2026 йил 13 январгача давом этади. Бу жараён ФИФАнинг махсус онлайн бўлими орқали амалга оширилади. Ўзбекистон миллий жамоасининг гуруҳ босқичидаги ҳар бир ўйини учун алоҳида чипта нархлари белгиланган бўлиб, нархлар ўйин ўтказиладиган жой ва тоифаларга қараб фарқ қилади.
Дастлабки тур доирасидаги Ўзбекистон – Колумбия учрашуви 17 июн куни Мексикадаги 83 минг томошабин сиғимига эга «Ацтека» аренасида бўлиб ўтади. Ушбу ўйин учун чипталар тоифасига қараб 220–600 доллар атрофида сотувга чиқарилган. Иккинчи турда эса Ўзбекистон 23 июн куни АҚШнинг Ҳюстон шаҳрида Португалия билан куч синашади. 72 минг ўринли «NRG» стадионидаги мазкур баҳс учун чипталар нархи 265–700 долларни ташкил этади.
Учинчи тур ўйинида Ўзбекистон Янги Каледония, Ямайка ёки Конго ДР билан тўқнаш келиши мумкин. Атланта шаҳридаги 75 минг томошабин сиғимига эга «Мерседес Benz» аренасида 27 июн куни ўтказиладиган бу баҳс учун чипталар энг арзон вариант бўлиб, 140 доллардан бошланади ва 450 долларгача етади.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 мусобақаси 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика стадионларида ўтказилиши режалаштирилган.





