Logo

ЖЧ-2026дан тушган даромад Қатардаги кўрсаткичдан беш баробар ошди — «The Times»

Бугун 14:152 дақиқа

«FIFA» 2026 йилги Жаҳон чемпионати чипталари ва VIP пакетлари савдосидан қарийб 5 миллиард доллар тушум олган бўлиши мумкин. Ташкилот ҳозирча бу рақамни расман тасдиқламаган.

ЖЧ-2026дан тушган даромад Қатардаги кўрсаткичдан беш баробар ошди — «The Times» © FIFA

Тушум 2022 йилдаги натижадан беш баравар юқори

«The Times» нашри ўз манбаларига таяниб хабар беришича, «FIFA» 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида чипталар ва VIP пакетлар сотувидан қарийб 5 миллиард доллар даромад олган. Бу 2022 йилда Қатарда ўтказилган чемпионатдаги 929 миллион долларлик натижадан беш баравардан ҳам кўп.

Қатардаги мусобақадан олинган 929 миллион долларлик тушум «FIFA»нинг расмий молиявий ҳисоботида ҳам келтирилган. Ушбу сумма чипталар савдоси ва VIP хизматларидан тушган барча даромадларни қамраб олади.

«The Times» маълумотига кўра, 2026 йилги чемпионатда чипталар ва VIP хизматлар орқали тушган даромад «FIFA» кутган 3,3 миллиард доллардан ҳам анча юқори бўлган. Бироқ бу рақам ҳали ташкилот томонидан расман тасдиқланмаган.

Даромад ўсишига нима сабаб бўлди?

2026 йилги чемпионат тарихда илк бор 48 та терма жамоа иштирокида ўтказилди. Мусобақа давомида жами 104 та учрашув бўлиб ўтди. Таққослаш учун, 2022 йилги чемпионатда 32 та жамоа иштирок этиб, 64 та ўйин ўтказилган эди. Шу тариқа, ўйинлар сони 40 тага кўпайди.

«The Times» даромаднинг бу қадар ўсишини, жумладан, чипта нархларининг талабга қараб ўзгарувчанлиги ва қайта сотиш бозори билан боғлаган. «FIFA» ўзининг расмий платформаси орқали қайта сотилган чипталардан 30 фоизгача комиссия ундирган.

«FIFA»нинг турнир якунлари бўйича расмий маълумотида эса платформа орқали 661 мингдан ортиқ чипта қайта сотилгани ёки бошқа мухлисларга ўтказиб берилгани қайд этилган.

Чемпионат АҚШ, Канада ва Мексиканинг 16 та мезбон шаҳрида ўтказилиб, стадионларга жами 6,81 миллион томошабин ташриф буюрган. 104 та учрашувдаги ўринларнинг ўртача бандлиги 99,7 фоизни ташкил этган.

Арзон чипталар ҳам таклиф қилинган

Чипта нархлари мухлисларнинг кескин танқидига сабаб бўлганига қарамай, «FIFA» айрим чипталарни нисбатан арзон нархларда ҳам таклиф қилган. Ташкилотнинг расмий маълумотига кўра, 130 мингта чипта 60 доллардан, 145 мингтаси эса 100 доллар ёки ундан паст нархда сотувга чиқарилган. Шунингдек, 950 мингта чипта 200 долларгача, 1,4 миллионтаси 300 долларгача ва 2,8 миллионтаси 450 долларгача бўлган нархларда таклиф этилган.

Теглар

ЖЧ-2026дан тушган даромад Қатардаги кўрсаткичдан беш баробар ошди — «The Times» | Vaqt.uz