Logo

Ломбардлар активлари қарийб 1 трлн сўмга яқинлашди

Bugun 17:112 daqiqa

Ўзбекистондаги ломбардларнинг жами активлари бир йил ичида 49,5 фоизга ошиб, 973,7 млрд сўмга етди. Шу даврда уларнинг жами мажбуриятлари 80,8 фоизга кўпайиб, 249 млрд сўмни ташкил этди.

Ломбардлар активлари қарийб 1 трлн сўмга яқинлашди © Forbes

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025-йил 1-сентябр ҳолатида Ўзбекистондаги ломбардларнинг жами активлари 651,1 млрд сўмни ташкил этган. 2026 йилнинг шу санасига келиб бу кўрсаткич 973,7 млрд сўмга етган.

Шу тариқа, бир йил ичида ломбардлар активлари 322,6 млрд сўмга ёки 49,5 фоизга ошган.

Ломбардларнинг соф кредитлари ҳажми ҳам кўпайган. 2025-йил 1-сентябрда 534,8 млрд сўм бўлган ушбу кўрсаткич 2026-йилнинг 1-сентябрида 710,7 млрд сўмга етган. Йиллик ўсиш 32,9 фоизни ташкил этган.

Ломбардлар мажбуриятлари 81 фоизга ошди

Регуляторнинг қайд этишича, 2026-йил 1-сентябр ҳолатига Ўзбекистондаги ломбардларнинг жами мажбуриятлари 249 млрд сўмни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 137,8 млрд сўм эди. Демак, мажбуриятлар 111,3 млрд сўмга, яъни 81 фоизга кўпайган.

Ломбардларнинг банклардан жалб қилган маблағлари бир йилда деярли 2,7 баробар ошиб, 54,3 млрд сўмга етди. Таққослаш учун, шу даврда ломбардларнинг жами активлари 49,5 фоизга, соф кредитлари эса 32,9 фоизга ошди. Яъни мажбуриятлар активларга қараганда тезроқ ўсган.

Активлар ҳажми бўйича етакчи ломбардлар

Ўзбекистондаги 90 та ломбарднинг 71 таси 2 млрд сўмдан ортиқ активга эга. Бу ломбардларнинг жами активи 952,5 млрд сўм бўлиб, соҳадаги барча активнинг қарийб 98 фоизини ташкил қилади.

Активлари 1 млрд сўмгача бўлган 8 та ломбарднинг жами активлари 4,9 млрд сўмга тенг. Яна 11 та ломбарднинг активлари 1 млрд сўмдан 2 млрд сўмгача бўлиб, улар жами 16,3 млрд сўмни ташкил этади.

Алоҳида олсак, энг йирик ломбард HURMA LOMBARD. Жорий йил 1-сентябр ҳолатида унинг активи 188 млрд сўмга етган. Ундан кейин HASHAMATLI CHINOR (67,3 млрд сўм), CHINARA BIZNES KREDIT (60,2 млрд сўм) ва MAXIMUM (45,7 млрд сўм) туради. Қуйида активи энг катта 10 та ломбард ва уларнинг йиллик ўсиши кўрсатилган:

2

Жадвалдан кўринадики, HURMA LOMBARD активлари бир йил ичида 66,6 млрд сўмдан 188 млрд сўмга етиб, қарийб 2,8 баробар ошган. ZOLOTO активлари эса 10,5 млрд сўмдан 30,5 млрд сўмга кўпайиб, қарийб 2,9 баробар ўсган.

Бошқа ломбардларда ҳам активлар кўпайган, аммо ўсиш суръати турлича бўлган. Масалан, JAYRON KREDIT активлари 72 фоизга, MAXIMUM активлари 63 фоизга, SHOKIR INVEST активлари эса 20 фоизга ошган.

Teglar

Mavzuga oid