«Улуш бермадик, натижада сиз кўрган видео чиқди» — «Iman Invest» раҳбари қарши баёнот берди
Ислом молиясига мувофиқлаштириш кенгаши «Iman Invest» билан ҳамкорликни тўхтатиб, компания фаолиятида молиявий қоидабузарликлар аниқланганини билдирди. Компания раҳбарияти бу айбловларни рад этмоқда.
© Kollaj: Vaqt.uzКеча, 25-октябрь куни Ислом молиясига мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) «Iman Invest» билан барча ҳамкорликни зудлик билан ва тўлиқ тўхтатганини эълон қилди. Кенгаш аъзолари — ислом молияси бўйича халқаро аудитор Маҳмуд Усмон ва халқаро ҳуқуқшунос Ҳусайн Ражабов баёнотига кўра, компания фаолияти юзасидан якуний хулоса берилмаган, шаръий аудит жараёни давом этган.
2026-йил июль ойида кенгашга компаниядаги шубҳали транзакцияларни акс эттирувчи ҳужжатлар келиб тушган. Шундан сўнг халқаро молиячилар, ҳуқуқшунослар ва шаръий аудиторлардан иборат тафтиш комиссияси тузилиб, уч ярим ой давомида текширув олиб борилган. Молиявий текширувлар 15-октябрда якунланган.
IFCB хулосасига кўра, компания раҳбарияти инвесторлар маблағларини ислом молияси тамойиллари, ички ҳужжатлар ва Ўзбекистон қонунчилигига зид равишда ишлатган.
Хусусан, «Iman Invest» мудораба асосида фаолият юритишига қарамай, инвестор капитали ёки унинг бир қисми қайтарилинмайдиган ҳолатга келган пайтда ҳам фойда тақсимлангани айтилади. Шунингдек, инвесторлар маблағлари қимматбаҳо автомобиллар ва хонадонлар хариди, шахсий манфаатлар ҳамда маъмурий харажатларга сарфлангани таъкидланган.
Бунинг оқибатида компанияда бир неча миллион долларлик камомад юзага келган. Кенгаш вакили инвесторлар маблағларини қайтариш талаби қўйилган тақдирда компания ушбу мажбуриятларни тўлиқ бажаришга қодир бўлмаслиги мумкинлигини айтмоқда.
Шу сабабли аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилиб, зарар қопланмагунча кенгаш «Iman Invest»га маблағ киритишни шариат нуқтаи назаридан тавсия этмаслигини маълум қилди.
«Iman» асосчиси айбловларни рад этди
«Iman» компанияси асосчиси Рустам Раҳматов Маҳмуд Усмон томонидан компания фаолиятига нисбатан билдирилган даъволарни рад этди. Унинг айтишича, томонлар ўртасидаги келишмовчилик хизмат ҳақларини камайтириш масаласи ва компания акцияларидан улуш сўралиши ортидан юзага келган.
Раҳматовнинг таъкидлашича, Маҳмуд Усмон билан икки ярим йиллик ҳамкорлик давомида унга 100 минг доллардан ортиқ хизмат ҳақи тўланган. Кейинчалик компания ушбу тўловларни камайтиришга қарор қилган. Шунингдек, Маҳмуд Усмон «Iman холдинг» акцияларидан улуш сўраган. Раҳматов эса компания шериклари билан маслаҳатлашиб, бу таклифни рад этган. Шундан сўнг томонлар ўртасида келишмовчилик юзага келган.
«…Рад жавобини бердик ва натижада сиз кўрган видео чиқди. Мусулмоннинг шаъни ва мулки бошқа мусулмон учун ҳаром», — деди компания асосчиси.
Раҳматовнинг маълум қилишича, Маҳмуд Усмон билан ҳамкорлик тўхтатилганидан кейин компания Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний билан ҳамкорликни бошлаган. Янги аудит натижалари тахминан бир ой ичида эълон қилинади. Шунингдек, компания икки йил аввал аудитдан ўтиб, шаръий талабларга мувофиқлиги ҳақида ижобий хулоса олганини билдирди. Ўтган йил ва жорий йил фаолияти бўйича текширув натижалари ҳам жамоатчиликка тақдим этилиши айтилди.
Компания асосчиси шаръий масалаларда қарорлар бир кишининг фикрига эмас, кенгашнинг умумий хулосасига таяниши лозимлигини қўшимча қилди. Шу мақсадда бир нечта уламолар иштирокида янги шаръий кенгаш тузилмоқда. Келгусида компаниянинг янги хизматлари ва шартномалари ушбу кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Кенгаш таркибини яқин кунларда эълон қилиш режалаштирилган.
Раҳматов инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлар ўз кучида қолишини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, юзага келган келишмовчилик компаниянинг ушбу мажбуриятларига таъсир қилмайди.
«Сиздан ҳар қандай текширилмаган ва исботи йўқ маълумотларга ишонмаслигингизни илтимос қиламан ва бу тушунмовчиликни албатта қонун орқали ҳал қиламиз», — деди Рустам Раҳматов.
«Iman» ўзи қандай компания?
«IMAN HALAL INVESTMENTS» масъулияти чекланган жамияти 2019 йил 24 апрелда давлат рўйхатидан ўтган. Org.info маълумотларига кўра, компаниянинг устав фонди эса 10,1 млрд сўмни ташкил этади. Корхона раҳбари сифатида Бобоев Зуҳриллоҳўжа Рухилло ўғли кўрсатилган. Компаниянинг асосий фаолият тури компьютер дастурлаштириш соҳасига тегишли.
«Iman» ўз фаолиятини ислом молияси тамойилларига асосланган инвестиция хизматлари билан боғлайди. Компания платформасида инвестиция киритиш, бизнес лойиҳаларида шерик сифатида иштирок этиш ва маҳсулотларни муддатли тўлов асосида харид қилиш каби хизматлар таклиф этилган. Жумладан, «Iman Pay» орқали насия харидлари, инвестиция йўналишида эса бизнес ва кўчмас мулк лойиҳаларига маблағ киритиш имкониятлари тақдим қилинган.





