ЖЧ-2026ʼнинг барча 48 иштирокчиси маълум: Ўзбекистон рақибини билди
31-март кунги ўйинлардан сўнг ЖЧ-2026 иштирокчилари аниқ бўлди. Италия яна мундиалсиз қолди, Ўзбекистон гуруҳига Конго ДР келиб қўшилди.

УЕФА саралаш плей-офф ўйинларида Швециянинг йўлланмаган эга бўлгани кўпчилик учун тушунарсиз бўлди. Чунки, Швейцария, Косово, Словения ва Швеция иштирок этган «B» саралаш гуруҳида шведлар 2 очкогина жамғариб, сўнгги ўринни эгаллаган эди.
Шундай бўлса ҳам, улар УЕФА миллатлар лигаси рейтингига кўра саралашда иштирокини давом эттиришди. Аввалига Украина устидан ғалаба, кеча эса ўз майдонида Полша устидан 3:2 ҳисобидаги қийин ғалабага эришди.
Туркия ЖЧ-2002 даги иштирокидан сўнг, орадан 24 йил ўтиб яна ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Косово пойтахти Приштинада ўтган ўйинда Оқтуркўғлининг 53-дақиқада урган голи туркларга мундиал йўлланмасини тақдим этди.
Фабио Каннаваро сардорлигида ЖЧ-2006 да ғолиб бўлган Италия қаторасига учинчи мундиалдан қуруқ қолмоқда. Тўртинчи чемпионликдан сўнг улар иккита жаҳон чемпионатида гуруҳдан ҳам чиқа олмаган эди.
Босния ва Ҳерцеговинада ўтган учрашувда ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Скуадро адзурра вакиллари биринчи бўлимдаёқ 10 киши бўлиб қолишди: 41-дақиқада Бастони сўнгги умид фоли учун қизил олди. Ўйин пеналтилар сериясига қадар чўзилди ва унда мезбонларга омад кулиб боқди.
Чехия ва Дания ўртасида ўтган учрашув (1:1)да ҳам ўйин тақдирини пеналтилар серияси ҳал қилди. Бу ўйинда ҳам мезбонларнинг зарбалари аниқроқ чиқди.
Мексикада ўтган иккита қитъалараро плей-офф ўйинларидан биринчисида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг «К» гуруҳдаги учинчи рақиби маълум бўлди ва кутилганидек, бу — Африка вакили Конго Демократик Республикаси бўлди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Қўшимча бўлимларнинг 100-дақиқасида Туанзебе томонидан урилган гол учрашув тақдирини ҳал қилди.
Иккинчи учрашувда Ироқ Боливия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва мундиалда иштирок этувчи Осиё миллий жамоаларининг тўққизинчиси бўлди. Ироқ сўнгги марта 40 йил аввал ўтган ЖЧда иштирок этган.


