
Жиззах вилоятида ҳам 37 нафар бола озиқ-овқатдан заҳарлангани айтилмоқда
Маҳаллий боғчалардаги болалар иситма ва ич кетиши белгилари билан шифокорларга мурожаат қилганда, уларга «ўткир диарея» ташхиси қўйилган.

Жиззах вилоятининг Фориш туманида ҳам давлат боғчаларидаги болалар овқатдан заҳарлангани айтилмоқда. Бу ҳақда Фориш тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 9 октябр куни соат 9:00 дан 16:00 гача бўлган вақт мобайнида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1-, 3-, 5- ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларида таълим олаётган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар бола саломатлиги ёмонлашганидан кейин шифокорларга мурожаат қилган.
Тиббиёт бирлашмаси маълумотларига кўра, болаларда иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиши ва ҳолсизлик белгилари кузатилган.
Эпидемиологик суриштирув натижасида улар 8 октябр куни боғчаларда биокефир, сир ва сариёғ маҳсулотларини истеъмол қилгани аниқланган.
Шу асосда болаларга «ўткир диарея» ташхиси қўйилиб, уларга стационар ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Жиззах вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси дастлабки хулосасида таъкидланганидек, заҳарланишга озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва ишлов беришдаги санитария қоидалари бузилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу эса болаларда овқат ҳазм қилиш тизимида бузилишга олиб келган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми («Хавфсизлик қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати вазият назорат остида эканини, зарар кўрган болаларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида мингдан ортиқ бола овқатдан заҳарланган эди.





