add

Жиззахда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи пора билан ушланди

Бугун 10:24361

Айбланувчи маҳаллий тадбиркор томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш эвазига пора талаб қилган.

Жиззахда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи пора билан ушланди

Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи пора билан ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, у хизмат ваколатидан фойдаланиб, маҳаллий тадбиркордан пул талаб қилган.

Маълум бўлишича, жорий йил сентябрь ойида мазкур мансабдор маҳаллий тадбиркор қуришни режалаштирган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш эвазига 200 АҚШ доллари олган. Кейинчалик тадбиркор аҳолига қулайлик яратиш мақсадида яқин атрофда хусусий мактаб қуриш учун ҳам ҳужжатларни тасдиқлатиш ниятини билдирган.

Бу сафар бўлим бошлиғи ундан 6 миллион сўм пора талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари ходимлари ўтказган тезкор тадбирда у мазкур пулни турмуш ўртоғи орқали қабул қилаётган вақтда ушланган.

Ҳозирда мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қонунга кўра, бу каби жиноятлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахслар фош этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Жиззахда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи пора билан ушланди | Vaqt.uz