add

Жиззахда янгиланишлар: Зомин–Бахмал йўли таъмирланади, Айдар-Арнасойга темирйўл тортилади

03.12.2025 | 07:583232 дақиқа

Айдар-Арнасой тизимида йирик туризм лойиҳалари бошланмоқда: 45 км темир йўл қурилади, аэропорт катта самолётларни қабул қилишга мосланади, Зомин–Бахмал йўли таъмирланади.

Жиззахда янгиланишлар: Зомин–Бахмал йўли таъмирланади, Айдар-Арнасойга темирйўл тортилади

Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Айдар-Арнасой атрофидаги инфратузилмани тубдан яхшилаш бўйича йирик қарорларни эълон қилди.

Мирзиёевнинг айтишича, Бахмалга олиб борувчи йўлнинг ёмон ҳолати сабаб сайёҳлар Зоминдан қайтиб кетмоқда. Агар Зомин ва Бахмалнинг тоғли ҳудудлари ягона «туристик ҳалқа» сифатида бирлаштирилса, Бахмалга Зоминга келаётган туристларнинг камида ярми тортилади. Бу хизмат объектлари сонини ошириб, минглаб янги иш ўринлари яратади ҳамда туризм экспортини сезиларли оширади.

Шу мақсадда 2026 йилда Зомин—Бахмал—Ғаллаорол йўлининг 158 кмлик қисми таъмирланади. Бахмалда 39 гектар майдонда 40 млн долларлик туристик кластер ташкил этиш ташаббуси маъқулланди. Туманга «туризм тумани» мақоми берилиб, ушбу ҳудуд иқтисодиётида хизматлар улуши янада ортиши кутилмоқда.

Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофида қурилаётган йирик пляж мажмуаси ва соғломлаштириш марказлари Арнасой тумани аҳолиси даромадларига жиддий туртки берди. Президент Арнасойда яқинда барпо этилган аэропортни йирик ҳаво кемаларини қабул қила оладиган даражада модернизация қилиш топшириғини берди. Бу ҳудудга авиасайёҳлик оқимини бир неча баробар ошириши мумкин.

Яна бир муҳим янгилик — Айдар-Арнасой кўллар тизимига темирйўл қурилиши бўлди. «Ўзбекистон темир йўллари»га 45 километрлик янги темир йўл линиясини Дўстлик туманидан кўл ҳудудигача барпо этиш вазифаси юклатилди. Бу орқали ички логистика, сайёҳлар ҳаракати ва катта лойиҳаларни қуриш жараёни тезлашади.

Бундан ташқари, 7 млрд сўм ҳисобидан Бахтли маҳалласи инфратузилмаси яхшиланади: йўллар таъмирланади, тунги ёритиш тизими ўрнатилади, туристик белгилар жойлаштирилади ва манзаравий дарахтлар экилади. Маҳалла «туризм қишлоғи»га айлантирилади.

Теглар

Мавзуга оид